Италияда «Наполи» ва «Милан»нинг пешқадамлиги вақтинчаликмиди? «Вест Ҳэм»нинг юриши тўхтадими? «Юнайтед»нинг муаммолари фақат Сульшерга боғлиқми? Испанияда энг яхши жамоа қайси? «Барселона» қачон гол уради? Бу ҳафтани қайсидир маънода жавоблар ҳафтаси деб аташ мумкин. Аввалги турлардан йиғилиб қолган саволлар ва аввалроқ содир бўлган натижаларнинг қай даражада асосли бўлганини айнан мана шу дам олиш кунларидаги ўйинлар очиқлаб беради.

А Серия. 14-тур

27 ноябрь (шанба)

ЮВЕНТУС – АТАЛАНТА

Ўйин бошланиш вақти: 22:00

ТВ-трансляция: Sport

Ўтган турда ҳам «Наполи», ҳам «Милан»нинг мағлубияти лигада интригани ошириб юборди ва таъқибчиларга умид берди. «Ювентус»ни ҳали чемпионлар пойгасидан узоқ деб ҳисобласак-да, жамоа салоҳияти А Серияда узоқ ғалабали серияни амалга оширишга етади. Бундай серия эса ҳар қандай жамоани пешқадамлар қаторига қўша олади.

Ҳар икки жамоа Чемпионлар Лигасининг навбатдаги турида омадсиз натижа қайд этгани ҳам бу ўйиннинг даражасини оширади. «Ювентус» муддатидан аввал плей-оффга чиққан бўлса-да, Лондондаги йирик мағлубият оғир бўлди ва энди туринликлар гуруҳда 1-ўринни ололмай қолишлари мумкин. «Аталанта» эса «Янг Бойз» билан дуранг ўйнаб қўйди ва энди кейинги босқич учун сўнгги турда «Вильярреал»ни енгишлари шарт.

«Ювентус» бу ўйинда ғалаба қозонса, «Аталанта»га, яъни кучли тўртликка 1 очко масофада яқинлашади. «Аталанта» эса А Сериядаги мағлубиятсиз сериясини 7 ўйингача ошириши ва пешқадамларни таъқиб этишда давом этишдан умидвор. Бергамоликлар кейинги сафар ўйинларини «Наполи» ва «Верона»га қарши ўтказишларини эътиборга олсак, имкон қадар мағлубиятга учрамаслиги керак. «Ювентус» бу томондан жуда яхши ҳолатда, агар Аллегри шогирдлари бугун ғалаба қозонишса, кейинги 5 тур жуда осон рақиблар билан ўтади – «Салернитана», «Венеция», «Болонья», «Кальяри» ва «Женоа». Демак, «Ювентус» етакчиларга яқинлашиб олиши учун қулай давр бошланмоқда.

«Аталанта» анчадан буён Италияда жиддий кучга айланган бўлса-да, айнан «Ювентус» билан ўйинларда у қадар ишончли эмаслигини таъкидлаш керак. Охирги ўн йилда А Серия доирасидаги фақат бир маротаба ўз майдонида ғалаба қозонган холос. Туриндаги ўйинларда эса вазият янада оғир, бир неча дуранглар қайд этилган бўлса-да, меҳмонларнинг охирги ғалабаси 1989 йилга тўғри келади.

Ла Лига. 15-тур