Жаҳон | 14:51 / 27.11.2021
4570
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда кам таъминланган оилалар учун электр энергияси нархи пасайтирилади

Қирғизистонда 1 январдан бошлаб кам таъминланган ва давлатдан ёрдам оладиган оилалар учун электр энергияси нархи арзонлаштирилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров энергетика бўйича йиғилишда кўрсатма берган.

Садир Жапаров/Фото: Қирғизистон президенти расмий сайти

Унга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож электр истеъмолчилар рўйхати шакллантирилгач, улардан 1 киловат электр энергияси учун 50 тийиндан (63 ўзбек сўми) ҳақ олинади. Қолган 27 тийинни эса давлат қоплаб беради.

Айни дамда Қирғизистонда электр энергияси фуқароларга 1 киловат учун стандарт 77 тийиндан (98 ўзбек сўми) сотилади. Бир ойда 700 киловат ишлатганлар ушбу тариф бўйича тўлайди, аммо 700 киловатдан ошган қисмига тариф 2,16 қирғиз сўмига (275 ўзбек сўми) кўтарилади. Тоғли ҳудудларда эса 0,77 сўмлик тариф чекловсиз амал қилади.

Қирғизистонда электр энергияси турли тарифлар бўйича сотилади. Масалан, болалар боғчалари, электротранспорт ва диний ташкилотлар 1 киловат электр энергиясини 1,68 сўмдан (213 ўзбек сўми) сотиб олади. Бюджет ташкилотлари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари учун тариф 1 киловат учун 2,52 сўмни (320 ўзбек сўми) ташкил этади. Олтин қазиб олувчи компаниялар, цемент ишлаб чиқарувчилар ва шунга ўхшаш тижорий ташкилотлар алоҳида оширилган тарифда энергия сотиб олади.

Таққослаш учун Ўзбекистонда жисмоний шахслар 1 киловат электр энергиясини 295 сўмдан, юридик шахслар эса 450 сўмдан сотиб олади. Қозоғистонда 1 киловат электр энергияси 17-28 тенге (420-692 ўзбек сўми) оралиғида сотилади. Тожикистонда 1 киловат электр энергия нархи фуқаролар учун 22 дирҳам (210 ўзбек сўми) ташкилотлар учун 55 дирҳам (525 ўзбек сўми).

«Бу кетишда эртага шам ёқиб ўтирамиз»

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилишида энергия хавфсизлиги жуда муҳим эканини таъкидлаб, бу борадаги асосий муаммоларни санади.

«30 йил давомида олдинги раҳбарлар энергетика секторига бефарқлик билан қараб келишди, юзага келган жиддий муаммолар айтилмай қолиб кетди. Шу сабаб исталган вақтда энергетик инқироз ёқасига келиб қолишимиз мумкин.

Самарасиз бошқарув тизими, коррупция, доимий қарздорлик, ёнилғи секторидаги техник қолоқлик, импортга боғланиб қолиш, истеъмолнинг реал ҳисоби йўқлиги, тармоқлардаги энергия исрофи, энергияни ўғирлаш – бу муаммонинг бир қисми холос.

Асосий энергия станцияларнинг 50 фоизи эскирган, гидроэлектростанцияларнинг баъзилари 30-40 йил аввал таъмирланган. Айнан шу камчиликлар оқибатида 2021 йилнинг 10 ойи давомида миллиард киловатдан ортиқ энергия исроф бўлган. Истеъмол ҳажми ошиши сабаб йил бошида 3 миллиард киловат энергия дефицити юзага келиши тахмин қилинаётган бир вақтда электр тармоқларининг эскиргани сабаб йилига худди шунча энергия исроф бўлмоқда.

Тармоқларда янгилаш ишлари олиб бориляпти, лекин умумий ҳолат яхшилангани йўқ. Шу сабаб қўшниларимиздан 2 миллиард электр энергия импорти бўйича [катта қийинчилик билан] келишувга эришдик. 2021 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатда 4 110 та авария сабаб элекр узилиши ҳолатлари кузатилган. Бу кунига 14 та ҳолат дегани. Хатоларни тузатиш учун бугун ишламасак, эртага шам ёқиб, иситилмайдиган уйлардан қоронғу кўчаларни томоша қилиб ўтирамиз», деб президетнинг сўзларини келтирмоқда Kaktus Media.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид