Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди.
«БМТ махсус маърузачиси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга самарали ёрдам кўрсатиш, жумладан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади», — дейилади ТИВ ахборотида.

Шунингдек, музокаралар чоғида Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди ҳамда афғон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш зарурлиги ҳақида умумий фикр билдирилди.







