Мусобақа «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижроси доирасида, 26-28 ноябрь кунлари ташкил қилинди. Унда Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан 30 га яқин, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан 200 га яқин полвон кураш гиламига чиқди. Эркаклар 6 та вазн тоифасида, аёллар 4 та вазн тоифасида ғолиблик учун курашдилар.

Турнир ўзбекистонлик спортчиларнинг яққол устунлиги остида ўтди. Улар 10 та олтин, 10 та кумуш, 18 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгалладилар. Тожикистон ва Қозоғистон курашчилар 1 тадан бронза медалини қўлга киритишди.

Олтин медал қўлга киритган спортчилар – Хуршид Чориев (-55 кг), Мирфайз Баҳриддинов (-66 кг), Алимардон Абдулахатов (-73 кг), Абдулазиз Абдулазизов (-81 кг), Жаҳонгир Маматраҳимов (-90 кг), Муҳаммадқодир Мансуров (+90 кг), Ситора Элмуродова (-52 кг), Оля Ҳамидова (-63 кг), Шаҳноза Бозорова (-70 кг), Покизахон Камолиддинова (+70 кг).

Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида иштирок этган хоразмлик спортчилар 1 та кумуш ва 9 та бронза медалига эга бўлишди. Кураш федерациясининг Хоразм вилоят бўлимига эса «Damas» русумли автомашина совға қилинди.