Ўзбекистон | 10:38 / 01.12.2021
9105
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар криминоген вазият бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилади 

Маҳаллалар криминоген вазият бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади. Бу Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган.

Фото: Norma.uz

Ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш фаолиятининг самарадорлигини ошириш чоралари белгиланмоқда. Хусусан, криминоген вазият ҳақидаги маълумотларни маҳаллалар кесимида таҳлил қилиш электрон тизими яратилиб, ҳудудларни автоматик равишда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратиш тартиби жорий этилмоқда.

Ҳудуддаги секторлар раҳбарларининг жиноятларга қарши курашиш борасидаги фаолиятини ташкил этиш механизмлари белгилаб берилмоқда. Унга кўра, сектор раҳбарлари “яшил” тоифадаги маҳаллаларда амалга оширилган ишларни бевосита ўрганиб чиқиши ҳамда ижобий иш услублари, амалга оширган тадбирларни секторнинг “сариқ” ва “қизил” тоифадаги маҳаллаларида оммалаштириш чораларини кўриши белгиланмоқда. Бунда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахслар билан олиб борилаётган ишлар, аҳолининг бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш тадбирларининг самарали ташкил этилганлигига эътибор қаратилади.

Энди, вилоят марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳрида оммавий тадбирлар ҳамда истироҳат боғлари, хиёбон ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш Миллий гвардия бўлинмалари зиммасига юклатилмоқда.

Жамоат тартибини сақлаш соҳасида содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органлари билан бир қаторда Миллий гвардияга берилиши бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиб, белгиланган тартибда киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид