АҚШ Давлат департаменти Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириш хавфи ҳақида хабар бергач, америкалик ва европалик экспертлар ўртасида тортишув бошланди: бу огоҳлантириш асосга эгами? Босқинни қачон кутиш керак, яқин кунлардами ёки баҳорда? Шу каби саволлар кенг муҳокама қилинмоқда.

Россиялик ҳарбийлар Украина билан чегарада жойлаштирилиши Ғарбда жиддий хавотирлар уйғотмоқда. Фото: Getty Images

Шунингдек, Жо Байден администрацияси нима қилиши бўйича мунозаралар бошланди. Байден ва жамоаси Киевни чекинишга ундайдими? Москвага провокация учун жиддий жавоб бериладими? Ёки Вашингтон ҳеч нарса бўлмагандек Москва билан мулоқотни давом эттирадими?

Давлат департаменти, МРБ ва Украина разведкаси огоҳлантирилиши

Ноябр ойида АҚШнинг Politico ва Bloomberg нашрлари Украина билан чегарада Россия аскарлари тўплана бошлагани ҳақида ёзди. Бу хабарлардан кейин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен рус босқини хавфи борлиги ҳақида маълум қилди. МРБ директори Уильям Бёрнс эса «Кремлни огоҳлантириш учун» Москвага борди. У Россия пойтахтида Владимир Путин билан ҳам Украина масаласини муҳокама қилган.

Вашингтон Россия агрессияси ҳақида НАТОдаги иттифоқчилари ва Киевни огоҳлантирган. Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов босқиннинг тахминий вақтини айтди: 2022 йил феврал. Буданов Россия Украина билан чегарада 92 минг аскар тўплаганини ҳам маълум қилди. Бироқ Украина бош разведкачиси бу маълумотни айтган интервьюда кўрсатилган харитада  Россиянинг 40та батальони белгилаб кўрсатилади. Экспертларнинг сўзларига кўра эса, уларга 36 мингдан ортиқ ҳарбий сиғдириб бўлмайди.

Фото: Getty Images

Расмий Москва айбловларни рад этиб, бу Ғарбнинг ўзи Россия чегарасида бошламоқчи бўлаётган провокацияни яшириш учун қилинаётган уйдирма эканини айтмоқда.