2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат олий таълим муассасаларига, улар минимал талабларга жавоб берган тақдирда, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади.
Профессор-ўқитувчиларга қўйиладиган талаблар қуйидагилар:
- профессор-ўқитувчилар штат бирликлари сони бўйича - кундузги ва кечки таълим шаклида - ҳар 16 нафар талабага 1 штат бирлиги; сиртқи таълим шаклида - ҳар 20 нафар талабага 1 штат бирлиги;
- профессор-ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси бўйича - асосий иш жойи бўйича ишлайдиганлар улуши - 40 фоиз; - бакалавриат йўналишида илмий даражалилар улуши - 35 фоиз; магистратура мутахассислигида илмий даражалилар улуши - 100 фоиз.
Ўқув-методик таъминотига қўйиладиган талаблар: ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги учун малака талаблари мавжудлиги бўйича - давлат таълим стандарти ва касб стандарти талабларига мувофиқ бўлиши; ўқув режадаги ҳар бир фаннинг ўқув дастурлари мавжудлиги бўйича - давлат таълим стандартлари ва малака талабларида белгиланган билим, малака, кўникма ва компетенцияларнинг талабаларда тўлиқ шакллантириш имконини яратадиган даражада бўлиши ва бошқалар.
Ўқув ва ўқув-методик адабиётлар ҳамда ахборот-ресурс базаси билан таъминланганлиги бўйича: бакалавриат йўналишида - ҳар 6 нафар талабага 1 донадан; магистратура мутахассислигида - ҳар 2 нафар талабага 1 донадан ва бошқалар.











