Жамият | 18:43 / 03.12.2021
1220
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё маст фуқаро Damas машинасини олиб қочди

Фото: Тергов департаменти

Қашқадарё вилояти Китоб туманида спиртли ичимлик таъсири остида бўлган фуқаро кўчада очиқ қолдирилган Damas машинасини олиб қочган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 30 ноябрь куни 29 ёшли Т.М. «102» рақамига қўнғироқ қилиб, шу куни соат 20:50 ларда, ўзига тегишли бўлган оқ рангли Damas русумли автомашинасини номаълум шахс олиб қочганини айтган.

Олиб борилган тезкор қидирув натижасида, жабрланувчига тегишли бўлган Damas машинаси Китоб тумани Ҳ.Олимжон маҳалласи ҳудудида 42 ёшли Э.Н. маст ҳолатда бошқариб кетаётганда ушланган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Т.М. Китоб тумани Халқлар дўстлиги маҳалласи ҳудудида машина калитини ўзида қолдириб, унинг эшикларини қулфламасдан дорихонага кирган. Шу пайт маст ҳолда бўлган Э.Н машинани олиб қочиб кетган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Китоб туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими Э.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид