Янги даврда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ташқи меҳнат миграцияси бўйича кўплаб вазифалар юклатилган. Вазирлик хорижда ишлаш истагидаги ватандошларни бунга тайёрлаш ва ўқитиш, уларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатиш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилишга масъул.

Бундан ташқари, бу вазирликка ўз тузилмасидаги агентлик орқали ватандошларнинг ташқи меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш вазифаси ҳам топширилган.

Kun.uz мазкур вазифалар ижроси юзасидан бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов билан интервю ташкил этди.

Ташқи меҳнат миграцияси йўналишидаги “Йўл хариталари” ижроси ҳақида

— 2021 йил 10 ойида “Йўл хариталари” асосида 50 минг фуқародан 45,2 минг нафари ўқитилиб, шундан 43 минги (25 турдан ортиқ) касб-ҳунарга ва 2,2 минг киши чет тилларини (рус, инглиз, корейс, япон ва бошқалар) ўрганишга жалб қилинди. 115 минг кишидан 92,1 минг фуқаро хорижда ташкилий тартибда ишга жойлаштирилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига (3383 та) нисбатан 88,7 мингтага ёки 27 бараварга ўсган.

Хорижга ишлаш учун кетаётган 27 191 меҳнат мигрантининг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинди, 640 кишига хорижга кетиш ва ишга жойлашиш учун микроқарзлар берилди ҳамда 2629 фуқарога ишлаш рухсатномаси расмийлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилди.

Хорижда ишлаётган 314,1 минг меҳнат мигрантига ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 892,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари иш берувчилардан ундириб берилди. Бошпанасиз қолган 308 меҳнат мигранти вақтинча яшаш жойлари (хостел) билан таъминланди, оғир вазиятга тушиб қолган 302 киши, шунингдек, турли сабаблар боис вафот этган 408 фуқаро жасади Ватанга қайтариб олиб келинди.

Шунингдек, ташқи меҳнат миграциясининг географиясини кенгайтириш мақсадида Германия, Япония, Словакия, Швейцария, Нидерландия, Болгария, Латвия, Литва каби 25та давлат иш берувчилари билан 382та ҳамкорлик шартномалари тузилди.

Халқаро Миграция Ташкилоти билан ҳамкорлик ҳақида

— ХМТ билан ҳамкорлик меҳнат миграциясини тартибга солишда, меҳнат мигрантларига молиявий кўмак кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.

Ҳозирда “Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Унда белгиланган вазифалар доирасида COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари таъсирини камайтириш, потенциал меҳнат мигрантларини касбий тайёрлаш бўйича пилот марказини яратиш, “Миграция бошқаруви индикаторлари”ни (“Migration Governance Indicators (MGI)”) Ўзбекистонда жорий этиш, меҳнат мигрантларини хорижга кетишдан аввал тайёрлаш каби ишлар амалга оширилмоқда.