Байрам арафасида янги, зарур шароитларга эга талабалар турар жойлари, юмшоқ қопламали стадион, волейбол, баскетбол ва мини футбол майдонлари, спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўз олганлар бу имкониятлар мамлакатимиз эртаси бўлган ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлишини айтиб ўтдилар.


Капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган 2-, 3-, 7- ва 9-талабалар турар жойларига замонавий русумдаги кир ювиш машиналари, электр плиталар, телевизор ва компютерлар келтирилди. Талабалар яшайдиган хоналарда икки қаватли кроватлар ўрнатилиб, шкаф, стол-стуллар янгиланди. Мебел жиҳозлари, китоб жавони ва керакли адабиётлар билан таъминланган ўқув заллари ташкил этилди. Кир ювиш хоналари, душхона, ювиниш хонаси, ошхона ҳамда ҳожатхоналар қайта таъмирдан чиқарилди. Ҳар бир ётоқхона юқори тезликда ишлайдиган Wi-Fi қурилмалари билан таъминланди.


Мослаштириш жараёнларидан сўнг барча ётоқхоналарда сиғим сезиларли даражада кенгайди. Эндиликда 3-талабалар турар жойи 260 нафар ёшларни (аввал 224 ўринли), 2-талабалар турар жойи 181 нафар ёшларни (аввал 150 ўринли), 7-талабалар турар жойи 360 нафар ёшларни (аввал 224 ўринли), 9-талабалар турар жойи 170 нафар ёшларни (аввал 90 ўринли) ўз бағрига сиғдирди. Шунингдек, тез орада 800 ўринга мўлжалланган 8-талабалар турар жойи ҳам фойдаланишга топширилади.

Жорий йилнинг сентябрь ойида 1671 нафар талаба турар жойга эга бўлган бўлса, қўшимча ётоқхоналарнинг таъмирланиб фойдаланишга топширилиши натижасида қамров кўрсаткичи 2538 нафарга (55 фоиз) етади. Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилида яна умумий ҳажми 600 ўринли бўлган талабалар турар жойи фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
























