Жамият | 13:16 / 11.12.2021
3692
1 дақиқада ўқилади

“Пиёда белгиланмаган жойни кесиб ўтаётган бўлган”. Тошкентда ўлим билан якун топган автоҳалокат юзасидан маълумот берилди

Пиёда йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган бўлган ва автотранспорт воситалари орасидан тўсатдан автобус йўлига чиқиб қолган. Автоҳалокат пиёда ўлими билан якун топган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

10 декабр куни соат 18:40ларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида “2-Автобус саройи” МЧЖ тасарруфидаги сарой рақами 23 бўлган, Mercedes Benz LF русумли автобус ва пиёда ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, автобус “Минор” метро станцияси биноси қаршисида йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар учун белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган бўлган ва йўлдаги автотранспорт воситалари орасидан тўсатдан чиқиб қолган пиёдани уриб юборган. Натижада пиёда воқеа жойида вафот этган.

“Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси бўйича Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги тергов бўлими ходимлари томонидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан хизмат суриштируви ўтказилади”, дейилади манба маълумотида.

Аввалроқ, автоҳалокат бўйича хабар берилганди.

Мавзуга оид