Юқори ўринлар учун курашувчи жамоалар нисбатан кўп бўлган Италия ва Англияда бу сафар катта афишалар йўқ. Тиғиз декабрни бошлаб олиш учун топ-клублар кучсизроқ рақибларга қарши майдонга тушадилар. Шундай бўлса-да, у ердан ҳам эътиборга молик учрашувлар топа олдик. Ла Лига эса эътиборимизга ажойиб классик учрашувлардан ташқари, чемпионлик учрашуви деб таърифласа бўладиган Мадрид дербисини тақдим этади.

ЛИВЕРПУЛЬ – АСТОН ВИЛЛА (11 декабрь, 20:00)

Йил бошида «Ливерпуль» қаторасига мағлубиятлар учраб, кутилган ўйинни намойиш эта олмаётган пайтларда Стивен Жеррард бош мураббий сифатида «Энфилд»га келиши ҳақида ҳам фикрлар янграй бошлаганди. Клопп вазиятни ўнглай олди, мавсумни кучли тўртликда тугатди, ҳозир жамоа Европада эҳтимол энг яхши жамоалардан бири бўлиб турибди. Жеррард эса барибир «Энфилд»га келмоқда, аммо рақиб бош мураббийи сифатида.

Фото: Sports Finding

«Астон Вилла» ўтган мавсумни юқори ўринларда якунлаган бўлса-да, Грилишнинг кетиши жамоага салбий таъсир кўрсатди. Аслида ўйинларда бирмингемликлар ёмон кўринишмади, ҳатто етакчи жамоаларга қарши ҳам муносиб ҳаракат қила олишди. Лекин натижалардаги беқарорлик «Вилла»ни хавфли зонага яқинлаштириб қўйди. Жеррард айтиш мумкинки, вазиятни ўнглади – 4 ўйин ва 3 ғалаба. Ягона мағлубият «Манчестер Сити» билан ўйинда содир бўлди, холос. Жамоа ўтган мавсум каби яна хавфли, ҳар қандай рақибга бошоғриғи бўладиган даражада кучли.

Аввалги мавсумда айнан «Энфилд»да ўтган учрашув жуда қизиқ ўтганди. Меҳмонлар ҳисобни очган сценарийда аввал Салоҳ ҳисобни тенглаштирган, мезбонларнинг ғалаба голи эса энг сўнгги дақиқада Трент Александр-Арнолд томонидан урилганди. Биринчи даврадаги ўйин эса ёдингиздан чиқмаган бўлса керак - «Астон Вилла» чемпион дарвозасига 7та гол уришнинг уддасидан чиққанди. Ливерпулда бирмингемликлар охирги марта 2014 йилда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Таркибларга келсак, «Ливерпуль»да узоқ муддатга сафдан чиққан футболчилардан ташқари, Фирмино ва Жонснинг майдонга тушиши сўроқ остида қолган. Шунингдек, Диого Жота ҳам ҳафта давомида машғулотларда қатнашмади. Клоппнинг матбуот анжуманидаги сўзларига қараганда, португалиялик ҳужумчи кечадан машғулотларга қайтган ва ўйинда шерикларига ёрдам бериши мумкин. Аммо илк дақиқалардан майдонга тушмаса керак. Меҳмонлардан эса Бэйли ва Траореларнинг сафга қайтишларига бир ойга яқин вақт бор. «Ливерпуль» ҳафта ўртасида ЕЧЛ доирасида Миланга сафар қилганини, яъни жисмоний тикланишга вақт камроқ бўлганини ҳам эътироф этиш керак. Бу ҳам меҳмонларга қўшимча устунлик бериши мумкин.