«Тik Tok’ да ҳам саҳифамиз бор»
Шоҳрух Ғиёсов матбуот анжумани бошида ички ишлар вазирлиги йилдан-йилга ОАВ ва фуқаролар учун очилиб бораётганини айтиб, айни дамда вазирлик қайси тармоқларда ўз ишлари ҳақида маълумот бериб бораётганини санади.
«Ҳозир ИИВ қошида 24 та интернет сайт ишламоқда. Вилоят ИИБлар сайти, тергов департаментининг сайти ва бошқалар шулар жумласидандир. Вазирлик сайти ҳам янгиланди, чунки бугунги очиқлик сиёсати даврида бошқача ишлаб бўлмайди. Барча ижтимоий тармоқларда ҳам ўз саҳифамизни очганмиз. YouTube'да МДҲ давлатлари орасида бизнинг ўқувчилар сони энг кўп (70 мингдан ортиқ). Умумий кузатувчиларимиз сони 3 миллиондан ошди.
Ҳатто Tik Tok’да ҳам ўз саҳифамизни очдик, чунки ёшларга Tik Tok форматидаги видеолар бериб боришимиз керак. Қатор телеканалларда биз билан ҳамкорликда кўрсатувлар тайёрланмоқда. Аввал телевидениеда берилган нарсани тарқатиш билан кифояланган бўлсак, ҳозир ўзимиз тайёрлаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, бугун биз ҳам ахборот тайёрлаб, уни тарқатишга одатландик», деди Ғиёсов.
«Журналистлар билан муаммо йўқ, аммо блогерлар билан...»
ИИВ расмийси вазирлик ва унинг таркибидаги бошқармалар ОАВ вакиллари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан ишлашга тайёрлиги, ҳар қандай маълумот учун муносабат билдиришга ҳаракат қилинишини айтди. Ғиёсов баъзи ҳолатларда ички ишлар тизимидан муносабат олмай хабарлар тарқатилиши оқибатида тушунмовчиликлар юзага келаётганини таъкидлади.

«Биз доим журналист ва блогерлар билан ишлашга тайёрмиз, қўл остимдаги барча ходимларга бу ҳақда кўрсатма берганман. Аммо ИИВ ходимларидан муносабат олмай хабар эълон қилиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилмоқда. Бу борада журналистлар билан муаммо йўқ, чунки уларда хабар эълон қилиш бўйича тартиб шаклланган. Блогерлар билан эса муаммо бўлмоқда. Улар маълумотни текширмай ёки кесиб эълон қилишади, бу тўғри эмас, ахир биз доим муносабат билдиришга тайёрмиз. Биласизми, бир йил давомида ички ишлар ходимлари ҳақида 580 дан ортиқ негатив маълумот тарқатилган ва шундан фақат 41 таси ўз исботини топган», деди ИИВ матбуот котиби.
Ғиёсовдан Самарқандда бўлиб тургани учун каттақўрғонлик солиқчининг ўлими (солиқчи Азизбек Аҳмедов ЙҲХБ ходимлари унга нисбатан куч ишлатганидан сўнг ҳалок бўлганди) билан боғлиқ ҳолат тизимда қандайдир ўзгаришга сабаб бўлган-бўлмагани, бу ҳолат ИИВ тизими учун қандай сигнал бўлганини сўрадик.
«Нафақат Каттақўрғондаги воқеа, балки зўрлик ишлатиш билан боғлиқ барча ҳолатлар ИИВ учун фавқулодда ҳолат ҳисобланади. Бундай вақтларда махсус ишчи гуруҳ тузилади. Каттақўрғонда бизнинг ходимлар ўз ишини бажараётган бўлган. Улар солиқчини бўғиб ўлдирган дейиш тўғри эмас. Уларнинг ишларига суд қонуний чора кўрди. Албатта, бу воқеа жиддий ўрганиб чиқилди.


















