15:26 / 13.12.2021
40744

Хатирчи ҳокими ўринбосари ишдан четлатилди. Унга нисбатан жиноят иши очилган

Хатирчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Воҳид Авлонов лавозимидан четлатилди. Kun.uz манбасига кўра, у коррупция гумони билан терговга тортилган.

Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Воҳид Авлонов 2021 йил 25 ноябрдан лавозимидан четлатилган.

Туман ҳокимининг бу ҳақдаги фармойишига асос сифатида жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2021 йил 22 ноябрдаги ажрими кўрсатилган.

Kun.uz манбасига кўра, Воҳид Авлоновнинг устидан жиноят иши очилган, у мансаб сохтакорлиги ва коррупцияга қўл урганликда гумонланмоқда.

UPD. Бош прокуратура ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади. Маълум қилинишича, ҳоким ўринбосарига ЖКнинг 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-(Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан айблов эълон қилинган. Жиноят иши 30 ноябрь куни айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Авлонов 2017 йилдан буён Хатирчи ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, Жиноят процессуал кодексининг 255-моддасига кўра, айбланувчи ёки судланувчи ўз иш жойида қолиши – жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, у лавозимидан четлаштирилиши мумкин.

Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал қилинади.

Меҳнат кодексининг 113-моддасига кўра, ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмайди.

Хатирчи тумани ҳокими Низомовнинг 13 декабрдаги фармойиши билан, туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт бўйича биринчи ўринбосари лавозими вақтинча ҳокимнинг бошқа бир ўринбосари Баҳодир Неъматовга юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Навоий вилояти ҳокими этиб тайинланган Нормат Турсунов биринчи иш кунида Хатирчи туманига борган эди.

Top