18:35 / 14.12.2021
5569

Булунғурда газ таъминоти ходимлари аҳолидан тўлдириб бериш учун олган 2 212 та газ баллон қайтариб берилмагани маълум қилинди

2021 йил 3 декабр куни Kun.uz’да Булунғурда газ идораси ходимлари аҳолининг 194 та газ баллонини ўзлаштириб юборгани айтилган мақола эълон қилинганди. Бу туманда ўзлаштирилган баллонлар сони 2 мингдан ошиқ бўлиши мумкин.

Иллюстратив фото /KUN.UZ

Мақолада кўтарилган мавзу бўйича “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали матбуот хизмати муносабат билдирди. Унда маълум қилинишича, 2021 йил октябр ойида “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг 2021 йил 30 сентябрдаги 44-Ф фармойишига асосан ишчи гуруҳи ташкил этилиб Самарқанд вилоятида ўрганишлар олиб борилган.

Ишчи гуруҳ томонидан Булунғур туманида 54 та МФЙдаги 28 мингта суюлтирилган газ истеъмолчилари таъминоти ўрганилган. Ўрганиш давомида истеъмолчиларнинг суюлтирилган газ баллонлари “Булунғуртумангаз” бўлими ходимлари томонидан айланма тара сифатида фойдаланилиб ўз вақтида қайтариб берилмагани аниқланган.

Жумладан, “Чангал-1” МФЙда 200 дона, “Чўянтепа” МФЙда 152 дона, “Гулзор” МФЙда 148 дона, “Чорвоқ” МФЙда 194 дона ва яна бир қатор маҳаллаларда тўлдириб бериш учун олиб кетилган газ баллонлар истеъмолчиларга қайтарилмаган. Бу ҳақда МФЙ раислари ва вакиллари томонидан мурожаат ва эътирозлар билдирилган ҳамда газ баллонлар қайтариб берилмаган жами 2 212 та истеъмолчидан аризалар олинган.

Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалининг 2021 йил 4 ноябрдаги 35-04-35-1293 сонли хати билан ДХХ Самарқанд вилояти бошқармасига тақдим этилган.

Қайд этилишича, бугунги кунда филиал манфаатларига етказилган моддий зарарни ундириш ва қонуний чора кўриш бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Шунингдек, истеъмолчилар фойдаланиб туриши учун ва вазиятга аниқлик киритилгунга қадар жами 3 545 дан ортиқ газ баллон истеъмолчиларга фойдаланиш учун етказиб берилди. Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган пайт Чорбоғ маҳалласидан 9 та баллон олиб кетилганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган”, дейилади муносабатда.

Аммо аввалроқ “Булунғуртумангаз” бўлими мутасаддилари Kun.uz мухбирининг телефон орқали берган саволларига жавобан “Чорбоғ” МФЙда 194 та газ баллон олиб кетилиб қайтариб берилмаганини маълум қилганди.

Бундан ташқари, “Чорбоғ” МФЙ аҳолиси Kun.uz’га йўллаган мурожаатида “Булунғуртумангаз” бўлими ходимлари уларга вақтинчалик газ баллонларни бермаганини ва ҳозирги кунда чорасиз қолаётганларини маълум қилишган.

Top