Спорт | 16:59 / 15.12.2021
10742
3 дақиқада ўқилади

Агуэро футболчилик фаолиятини якунлаганини расман эълон қилди

Аргентиналик 33 ёшли футболчи октябрь ойи охирида «Барселона» ўйини вақтида кўкрагидаги оғриқ туфайли алмаштирилган ва шифохонага йўл олганди.

Фото: Global Look Press

Бугун, 15 декабрь куни «Камп Ноу»да Серхио Агуэро иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Футболчининг яқинлари, «Барселона» ўйинчилари, клуб вакиллари ҳамда ОАВ иштирокида ўтган маросимда «Барселона»нинг 33 ёшли аргентиналик форварди соғлиғидаги муаммо сабабли футболчилик фаолиятини якунлашга мажбурлиги ҳақида расман маълум қилиб, кўз ёшларини тия олмади.

«Футболчилик фаолиятимни якунлаганимни расман эълон қилиш учун ушбу матбуот анжуманини ташкил қилдик. Ҳозир мен учун жуда ҳам қийин давр, аммо бундай қарорга келганимдан хурсандман. Фаолиятимни якунлашимга бир ой аввал мен дуч келган жиддий муаммо сабаб бўлди. Гап соғлиқ ҳақида эканлиги учун футболчилик фаолиятимни якунладим», - дея кўзда ёш билан гапирди Агуэро.

Матбуот анжумани давомида Агуэро ва «Барселона» президенти Жоан Лапорта журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Маросимда «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола ҳам ташриф буюриб, собиқ шогирдини қўллаб-қувватлади.
 

Фото: Getty Images

Эслатиб ўтамиз, футболчи 30 октябрь куни Ла Лига доирасидаги «Алавес»га қарши учрашувни якунлай олмаган ва шундан бери даволанаётган эди. Аввалига унинг тикланиши учун камида 3 ой муддат кераклиги айтилган бўлса, кейинчалик муаммо кутилганидан жиддийроқ экани маълум бўлиб, футбол энди у учун хавфли экани ойдинлашган.

Маълумот учун, Агуэро фаолияти давомида «Индепендьенте», «Атлетико», «Манчестер Сити», «Барселона» ҳамда Аргентина миллий жамоалари сафида тўп сурган.

Клублар миқёсида у Европа Лигаси, УЕФА Суперкубоги, 5та АПЛ бош соврини, 6та Англия Лига кубоги, бир бор Англия кубоги ва 3 бор Англия Суперкубогини қўлга киритган. Аргентина миллий жамоаси таркибида эса 2008 йил Олимпиада ва 2021 йилда Америка Кубогида ғолиб чиққан.

Мавзуга оид