Ўзбекистон | 14:33 / 15.12.2021
8989
2 дақиқада ўқилади

“Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш”: Фаввора қурилишида прокуратуранинг алоқаси йўқ ва ишчиларнинг ҳақи тўлиқ берилган

Тошкент вилояти прокуратураси ҳовлисида фаввора қурган ишчилар иш ҳақларини олган. Бу ҳақда “Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ Kun.uz'га тақдим қилган раддиясида айтилади.

Фото: Kun.uz

“Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ Тошкент вилоят прокуратураси ҳовлисида қурилиб, кейинроқ бузиб ташланган фаввора ташкилот мутасадди ходимларининг қарори асосида амалга оширилганини, бунга Бош прокуратура ва вилоят прокуратурасининг умуман алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, пудратчи ташкилотнинг маълум қилишича, фаввора қурилишида ишлаган ишчиларнинг аванс тўловидан ташқари қолган ҳақини қурувчилар бошлиғи Бахтиёр Ҳасановнинг шериги Азамат Тўрақулов олган. “Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ Kun.uz'га қурувчилар Бахтиёр Ҳасанов ва Азамат Тўрақулов томонидан иш ҳақларини тўлиқ олгани ҳақида ёзиб берилган тушунтириш хатларини тақдим қилди.

Бахтиёр Ҳасанов ўз тушунтириш хатида ташкилот раҳбари уни уриб-сўкиб ҳайдамагани, иш ҳақини қолган қисмини шериги олгани учун тушунмовчилик бўлганини билдирган.

Шунингдек, Kun.uz билан қайта боғланган мурожаатчи Бахтиёр Ҳасанов ҳақиқатдан ҳам қолган иш ҳақини унинг шериги ҳеч кимга айтмасдан олганини маълум қилди. Унинг айтишича, оқибатда шериклари ва пудратчи ташкилот билан тушунмовчиликлар келиб чиққан.

Мавзуга оид