15 декабр куни Сенатнинг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда кўтарилган долзарб масалалардан бири – давлат бюджети маблағлари назоратининг самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида бўлди.

Сенаторлар томонидан молия вазири Тимур Ишметовга берилган саволларнинг аксарияти ҳам айнан – ноқонуний ўзлаштирилаётган бюджет маблағлари бўйича янгради.
Хусусан, ҳар йили йирик миқдордаги пуллар ажратиладиган ижтимоий соҳада учраётган пулларни ноқонуний ўзлаштиришлар муаммоси сенаторлар диққат марказида бўлди.
Қайд этилишича, халқ таълими тизимида ўтган 11 ой ичида 88 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 млрд сўмлик ўғрилик ва камомад аниқланган. Қурилиш соҳасида эса бундан-да кўпроқ — 92 млрд сўмлик давлат маблағлари ноқонуний равишда ўзлаштириб юборилган.
Яна айтилишича, Мактабгача таълим ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимида бюджет интизомини бузиш ҳолатлари, жумладан, ортиқча ва нотўғри тўловлар 2020 йилнинг мос даврига қараганда 1,5 мартага ошган.
Бу ҳолатнинг юзага келишига тизимларда молиявий назоратнинг кучли йўлга қўйилмагани сабаб қилиб кўрсатилди.
Мажлис давомида молия вазири ижтимоий соҳада маблағлар самарасиз ишлатилиши кўпроқ учрашини, аммо барча соҳаларда ҳам бу муаммо йўқ эмаслигини тасдиқлади.
“Бу муаммо барча тизимларда бор”, дейди у.
“Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам бу масала қўйилган. Йиғилишлардан бирида танқидий кўриб чиқилиб топшириқлар берилган. 2022 йил охиригача молиявий назорат тизимини такомиллаштиришни режалаштирганмиз. Бунда асосий масала ижтимоий соҳа вазирликлари билан ишлаш бўлади”, дея фикр билдирди вазир.
Ишметовга кўра, ижтимоий соҳа вазирликларида харажатларнинг асосий қисми ойлик бўлгани учун, энг катта муаммолар ҳам айнан ойлик билан боғлиқ.
“Ўлик жонлар” деймиз, йўқ одамларга ҳам ойлик ҳисоблаш ҳолатлари кўп учрайди. Айрим мактабларда ҳатто шунақа бўлганки, мактабдаги бир нечта синфлар сонини ошириб кўрсатиб, сметада ортиқча харажат қилинган. Бунақа иш қилиш учун бир нечта идора бефарқ қараган ёки қўл урган бўлиб чиқади. Бунинг олдини олишдаги ягона йўл – ижтимоий соҳа вазирликларини рақамлаштиришдан иборат.













