“Абгор манзиллар” янги манзиллардан кўрсатувларни давом эттиради. Бу дафъа лойиҳамизга келиб тушган мурожаатлар бўйича икки жойга боришимизга тўғри келди. Дастлаб бу мурожаатлар кўрсатувимиз номига мосми, йўқми, бироз ўйландик. Биз таклиф этилган манзилларга боргач эса, амин бўлдикки, бу ҳақда ўйланиб ўтиришга ҳожат йўқ.

Аввалги икки кўрсатувимизда ташландиқ ҳолга келтирилган боғлар ҳақида ҳикоя қилган бўлсак, бу сафар аҳоли яшаш пунктлари атрофидаги абгор ҳолатларга гувоҳ бўлдик.

Обод маҳаллага ярашмаган чиқиндизор

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига кирувчи Улуғбек посёлкасидан тушган мурожаатда ўша ҳудуддаги ташландиқ ва чиқиндихонага айланиб қолган жой ҳақида маълумот беришди. Биз ҳолатни жойига чиқиб ўргандик. Ҳақиқатан ҳам Қибрай тумани билан чегарадош ҳудудда, 2-сонли Республика клиникаси орқасидаги жой чиқиндихонага айланган.

Фуқаролар турли инстанцияларга бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай, масала ижобий ҳал этилмаган. Камига, шу ердаги симёғочлардан бири авариявий ҳолатда экани, у ағанаса, кимнингдир устига тушиб, зарар етказиши; ёки маълум ҳудуд электр токисиз қолиши мумкин. Бу ҳақда ҳам аҳоли масъул ташкилотларга мурожаат қилганлари ҳақида билдирдилар.

Биз бу борада маҳалла оқсоқоли билан учрашдик. У мавжуд муаммони тан олган ҳолда, бизни унинг маҳалласида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан таништирди. Айтиш жоизки, маҳалланинг ҳозирги ҳолати жуда обод ва чиройли. Аввалроқ абгор бўлиб ётган жойлар замонавий ва тартибли кўринишга келган. Муаммоли ҳудуд борасида эса, “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси аҳолини бироз сабр қилишга чақирди:

“Озмунча иш қилинмади. “Обод маҳалла” дастури доирасида “Ёшлар маркази”, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари фойдаланишга топширилди; маҳаллалар ички кўчалари асфальт қилинди; йўлаклар янгиланди, ўриндиқлар, урналар ўрнатилди; дарахт ва буталар экилди. Бу ҳаммаси бир кунда бўлиб қоладиган иш эмас. Сабр қилишса, биз ўша кўрсатилган ҳудудни ҳам обод қиламиз.

Аввалроқ биз ўша чиқиндихонага айланган жойни тозалаган эдик, бироқ одамларнинг ўзлари яна чиқинди ташлаб, шу ҳолатга келтириб қўйишяпти. Муаммолардан бири шундаки, ўша ер Қибрай тумани билан туташ жой ва ўша тумандагилар қурилиш чиқиндисини тўкиб кетаётган ҳолатлар бор. Чиқиндини МСП – чиқинди йиғиш пункти қабул қилмайди, шунинг учун кўчага ташлаб кетишади.