Қайд этилишича, 1995 йилда туғилган Отабек исмли шахс киракашлик билан шуғулланиш чоғида йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузиб келган. Табиийки, ушбу қоидабузарликларнинг ҳар бири учун жарималар ёзилаверган, улар ўз вақтида тўланмагани оқибатида жарималар анчагина йиғилиб қолади.

Шунда у Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Маъмурий амалиёт бўлимига қўнғироқ қилиб, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништиради ва жарималарини ўчиртириб беришини талаб қилади.

“Ижарага олган машиналаримдан бирининг “штраф”лари кўпайиб кетганди. Жарималарни тўлаш муддати ўтиб кетгани учун ЙПХ ходимлари машинани жарима майдонига тиқиб қўйганди. Маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Надим акага телефон қилдим ва Отабекман, мана бу органда ишлайман деб таништирдим”, – дейди у “Замон” ахборот дастурига берган интервьюсида.

Бироқ видеода унинг айнан қайси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништирганига аниқлик киритилмаган.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда ишлайман, қарздорлиги борлиги учун жарима майдонига тушиб қолганини айтди ва ўша машинани чиқариб бериш бўйича буйруқ сифатида айтди. Мен унга барчаси қонуний тартибда кўриб чиқилишини тушунтирдим”, дейди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Надим Орипов.

Орадан бир неча кун ўтгач, Отабек Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимига қўнғироқ қилиб, яна ўзини орган ходими сифатида таништиради. Бу сафар у синглисини имтиҳондан ўтказиб беришларини талаб қилади.

“Синглим “права” оладиган ёшга тўлгани учун “права”га топширганди. Синглимнинг правасини олиб бериш мақсадида Файзиобод “ГАИ”даги ходимга телефон қилдим. Отабекман, шу жойдан дедим”, деб айтган Отабек ўз интервьюсида.

Унинг сўзларидан шубҳаланган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими масъул ходими ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасига ҳолат юзасидан ахборот берган.

Тўпланган маълумотлар асосида Отабекка тегишли бўлган автомобил Чилонзор туманида ЙПХ ходими томонидан тўхтатилади. Машинани бошқариб кетаётган Отабекнинг таниши унга қўнғироқ қилиб, муаммони телефон орқали ҳал қилиб беришини сўраган. Шундан сўнг Отабек телефон орқали ўзини орган ходими деб таништириб, ЙПХ ходимидан уни қўйиб юборишини сўраган. ЙПХ ходими уни танимагани ва иш жойини аниқлаштирганидан сўнг вазиятга қонуний баҳо беришини билдирган.