ИИВ ЙҲХББ бошлиғи полковник Олим Саидов машинани маст ҳолда бошқариш жиноят эканлиги, бу борада Маъмурий ва Жиноят кодексларига жазони оғирлаштирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритилганини айтиб ўтди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов спиртли ичимлик истеъмол қилиб рул бошқараётган ҳайдовчиларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишни таклиф этди.

Айни пайтда маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига кўра, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил-у олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари (6 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Айрим давлатларда маст ҳайдовчиларга дарҳол жиноий жавобгарлик қўлланади.

Россияда маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун 30 минг рубл жарима солинади, шунингдек, 2 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан жазоланади. Депутатлар жарима миқдорини 100 минг рублгача кўпайтириш, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишни уч йилгача узайтиришни таклиф этишмоқда.

2010 йил августида АҚШда жаҳонда илк бор маст ҳайдовчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бунгача Техас штатида яшовчи Бобби Стовалл рулга тўққиз марта маст ҳолатда ўтириб қўлга тушган. Округ прокурори Жон Брэдли ўз қарорини шундай тушунтирган: «У кимнидир ўлдириб қўйишидан аввал, биз уни тўхтатишга қарор қилдик».

Қўшма Штатларда қоида тариқасида автомобилни маст ҳолатда бошқариш жарима билан жазоланади. Штатига қараб, ўртача 750 доллар жарима тўлаш ёки 30 кундан 6 ойгача қамоқхонада ўтиришга тўғри келади. Қоидабузарлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилади. Биринчи марта тушганларнинг «права»си 90 кунга, иккинчи марта — 1,5 йилга, учинчи марта — умрбод олиб қўйилади. Айрим штатларда қоидабузарлик такрорланса, автомобил мусодара қилинади.