27 декабрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Латвия Республикаси элчиси Рейнис Трокша, Венгрия элчиси Дьюла Ковач, Франция Республикаси элчиси Орелия Бушез ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчиси Юсуф ал-Утайбийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан конструктив мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди.

Президент мамлакатимиз демократик янгиланишларни давом эттириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида комплекс ислотҳотларни амалга оширишда изчилликни таъминлаш йўлида қатъий эканини қайд этди.

Тараққиёт стратегиясида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, эркин ва  очиқ жамият, халқчил давлат барпо этиш бош мақсад қилиб белгиланган.

Ўзбекистонни 2030 йилга бориб аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган мамлакатга айлантириш асосий вазифадир. Шу мақсадда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, янги иш ўринларини яратиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестиция ва технологияларни кенг жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия бундан буён ҳам давом эттирилади.

Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаб бориш устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.