Kun.uz мухбири ҳудудда бўлиб вазиятни ўрганди, маҳалла вакиллари ва мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозига қулоқ тутди.

Мавлуда Эргашева, ўқитувчи
Фото: Kun.uz

«Мактабимизда 1100 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқувчилар ҳаёти учун мактаб ҳудуди билан битта деворда метан заправкаси қурилиши хавфли. Чунки қурилаётган шохобчанинг шундай орқа томонида болалар баскетбол ўйнайди.

Меъёрига кўра, бундай хавфли объект билан ижтимоий объект орасидаги масофа камида 500 метр бўлиши керак. Устига устак, аҳоли бу ерда зич жойлашган. Бу ерда заправка очилса, қаторлашиб машиналар навбатда турса, буларнинг ҳаммаси ўқувчилар учун ҳам, аҳоли учун ҳам ноқулайлик туғдиради», — дейди ўқитувчи Мавлуда Эргашева.

Фото: Kun.uz
Ширинхон Абдуллаева. Маҳалла фуқароси
Фото: Kun.uz

«Шу маҳаллада 50 йилдан бери яшайман. Фарзандларим шу мактабда ўқиб неварали бўлди. Энди эса бу масканда чевараларим ўқияпти. Метан заправка қурилишига биз қаршимиз. Мактаб ёнида, аҳоли уйлари орасида заправка бўлиши мумкин эмас.

Фото: Kun.uz

Қурилаётган заправка ўрнида аввал ҳаммом бўларди. Ҳаммом йўқолиб кетгач, бу жой қўлма-қўл бўлди. Майли, бу ерга бошқа иншоот қурилсин, биз қарши эмасмиз. Лекин айнан метан заправка қурилишига қаршимиз», — дейди маҳалла фаоли.

Абдуваҳоб Қамбаров
Фото: Kun.uz

«Маҳалла ўртасига, қолаверса, мактабнинг шундоқ ён томонида заправка қурилишини биз маҳалла фуқаролари тушунмай қолдик. Тадбиркор қандай қилиб бу ерга заправка қуриш учун рухсат олди? Қурмасин эмас, қурсин! Аҳоли яшаш жойидан ташқарида қурсин. Бўш жойлар қанча?» — дейди шу маҳаллада яшовчи Абдуваҳоб Қамбаров.