Тошкент шаҳридаги 442-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланадиган, эшитишда нуқсони бўлган болалар учун Норвегиядан юборилган совғанинг бир қисми йўқолгани айтилмоқда. Бу ҳақда Галия Яфарова исмли интернет фойдаланувчиси Facebook’да ёзиб қолдирган постида маълум қилган.

Ҳаммаси нимадан бошланганди?

Маълум бўлишича, Янги йил совғаси сифатида Норвегиядан юборилган қутида болалар учун мўлжалланган “колготка”лар бўлган. Аёлнинг сўзларига кўра, 52 нафар тарбияланувчи учун юборилган совға ичидан 22 та “колготка” солинган 1 та пакет суғуриб олинган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Қандай қилиб бу нарсаларни посилкадан олиб қўйишингиз мумкин? Сиз ёки фарзандларингиз бундан чинакам илиқликни ҳис қиласизми? Бу болалар бутун умр азоб чекишга маҳкум. Сиз эса улар учун мўлжалланган нарсаларни тортиб олдингиз, янги йил сюрпризи сифатида берилган совғаларни олиб қўйдингиз.

Билингки, бу қайтар дунё ва қилмишингиз ўзингизга икки баравар бўлиб қайтади. Қўлимда боғча ҳудудида қутини очганимиз тасвирланган видео ва бошқа далиллар бор. Мен 52 нафар тарбияланувчини хурсанд қилиш учун почта бўлимидан боғчага шунчалик шошилдимки... Охирида эса умидсизлик ва нафратга тўлдим. Мен сиз ҳақингизда ўйлаганларимни ҳатто сўз билан ҳам айтолмайман!” деб ёзган Галия Яфарова.

Аёлнинг ёзишича, Қушбеги даҳасидаги почта бўлимидан жўнатмани олаётганда қутининг ён томонлари қизил лента билан ёпиштирилгани ва ғижимланганини кўрган. Лекин ўша пайтда у совғалар ўғирланган бўлиши хаёлига ҳам келмагани, чунки жўнатмада совға ногирон болалар учун юборилгани ёзиб қўйилганини айтади.

“Жўнатмани олгач, тезда таксига чиқиб, боғчага шошилдим. Улар ухлашга ётгунларигача совғаларни жой-жойига қўйишни ва эрталаб уйғонганларида болажонларни хурсанд қилишни хоҳладим. Лекин якунда мени шундай “сюрприз” кутиб турган экан.

Бизга жўнатмани юборган қиз билан боғландим. У менга қутининг асл фотосуратини юборди. Ушбу суратда қути бутун ва унга ҳеч қандай қизил лента ёпиштирилмаган. Уни “ҳунармандлар” қаердадир шу ҳолга келтиришган. Мен шунчаки ҳайратдаман, боғча ходимлари ҳам. Қандай қилиб бундай қилишлари мумкин?”