
Бугун, 3 январь куни тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов, унинг мураббийлари, кучли ўнталикка киришга эришган Жавоҳир Синдоровни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирнинг биринчи қисми Миллий Олимпия Қўмитаси биносида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари — президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов иштирок этиб, 17 ёшли чемпионга «Мард ўғлон» ордени, 2 хонали уй, 250 млн сўм мукофот пули топширишди.

Шунингдек, Нодирбекнинг мураббийлари 100 млн сўмдан, жаҳон чемпионатида 8-ўринни эгаллаган Жавоҳир Синдоров 50 млн сўм, турнирдаги иштироки учун Шамсиддин Воҳидов 25 млн сўм пул билан тақдирланди.

Маросимда сўзга чиққан чемпионнинг отаси — Фазлиддин Очилов ўзининг дунёдаги энг бахтли оталардан бири эканлигини таъкидлади: «Ҳозир Ўзбекистонда мендан бахтли ота бўлмаса керак. Чунки кенжа ўғлим Нодирбек шахматнинг рапид йўналишида энг ёш жаҳон чемпионига айланди.
Шу ўринда ўғлим номидан журналистлардан кечирим сўрайман. Чунки кўп бор интервьюларни рад этганмиз. Чунки Нодирбекнинг кун тартиби бор. Унга амал қилиши керак. Турли тадбирлар билан овора бўлганимизда бундай муваффақиятларга эриша олмасдик».

Шундан сўнг раҳбарлар, шахматчилар, ОАВ вакиллари ва мухлислар «Янги Ўзбекистон» боғига йўл олишди. У ерга йиғилган минглаб мухлислар чемпионни олқишлашди.
Маросимдан сўнг Нодирбек Абдусатторов ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Эътибор учун миннатдорчилик билдираман. Бу — бошланиши. Ғалабалар бардавом бўлади. Келгусида жаҳон шахмат тожини ҳам Ўзбекистонга олиб келамиз.

















