Ўзбекистон | 07:34 / 05.01.2022
12731
1 дақиқада ўқилади

2022 йилда Шавкат Мирзиёевнинг 9 та давлатга ташрифи масаласи ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда олий даражадаги ташрифлар орқали Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, Бельгия, Буюк Британия, Венгрия, Италия, Испания, Туркия, Швейцария, Чехия, Польша ва Скандинавия мамлакатларига олий даражадаги ташрифларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Европа давлатлари ва ҳукуматларининг раҳбарлари ҳамда Европа иттифоқи раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифларини ишлаб чиқиш ҳам мўлжалланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари моддий-техник базасини ошириш, мамлакатнинг чет элдаги янги дипломатик ваколатхоналарини очиш ишлари амалга оширилади.

Бунда, Ўзбекистоннинг Швецияда элчихонасини очиш жараёни тезлаштирилади, Ўзбекистоннинг Чехияда дипломатик ваколатхонасини очиш масаласи ишлаб чиқилади.

Ўзбекистоннинг Европа мамлакатларидаги (Австрия, Италия, Польша ва Латвия) бир қатор дипломатик ваколатхоналарининг моддий-техник базаси, шунингдек, ходимлар салоҳияти қўшимча штат бирликларини ажратиш орқали мустаҳкамланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид