2021 йил декабрида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳар транспорти ва транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси эълон қилинди.

Айрим ижобий жиҳатларини ҳисобга олмаганда, бу ҳужжат «концепция» тушунчасига мос келмайди, деб айта оламиз. Зеро, у концептуал ёндашув, ечим, илмий асосланган таклифлар, шаҳар аҳолиси учун зарур бўлган ғояларни ўзида акс эттирмаган.

Концепция нима?

«Концепция» тизимли қарашлар, тушунчалар, мазмун ва мақсадларни акс эттириши керак, фақатгина чора-тадбирларни эмас. Функциясига кўра транспорт ва йўл инфраструктураси концепцияси кенг қамровли, йўл-транспорт сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайдиган бўлиши лозим.

Концептуал ёндашув бошқарувдан бошланиши керак

Мазкур концепция энг муҳим масалани — йўл-транспорт инфраструктураси бошқаруви масаласини қамраб олмаган. Ваҳоланки, яхши бошқарувсиз на яхши йўл ва на яхши транспорт тизими бўлади.

Тошкент шаҳри мисолида айтадиган бўлсак, йўл-транспорт инфраструктураси турли вазирлик ва идоралар бошқарувида бўлиб, аниқ ва уйғун тизим, ягона сиёсат йўқ. Йўллар бир пайтнинг ўзида Транспорт вазирлиги, ҳокимликлар, Вазирлар Маҳкамаси бошқарувида, йўлларни режалаштириш маҳаллий ҳокимият таклифи ва Вазирлар Маҳкамаси даражасида, жамоат транспорти ҳокимлик таркибидаги Транспорт бошқармаси бошқарувида.

Бундай ҳолат самарадор бошқарувни ташкил этишга тўсқинлик қилади. Транспорт тизимини, айниқса жамоат транспортини муттасил ўрганиб бориш ўта паст даражада. Концепцияда кўрсатилган автобуслар, бекатлар, тротуарларни янгилаш ва бошқа тадбирлар яхши бошқарув шароитидагина самарали олиб борилади. Йўқса, автобус янгилаш учун ҳар сафар янги концепция қабул қилишга тўғри келади...

Концепция жамоат транспортига нисбатан концептуал ислоҳот ғояларини тақдим этмаган. Унда янги транспорт йўналишлари очиш, автобусларни янгилаш каби таклифлардан ташқари, жамоат транспорти мақсади, бошқаруви, тизимли ишлаши учун мўлжаллар келтирилиши керак эди.  

Жамоат транспорти маҳаллий ҳокимият томонидан (жамоатчилик кенгаши билан бирга) ягона сиёсат асосида бошқарилиши, доимий тадқиқ қилиниши керак.