08:52 / 10.01.2022
90911

«Маскасиз» юриш учун 1 млн 350 минг сўм жарима — Бу қанчалик реал?

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони ортаётгани фонида кўчаларда ва жамоат жойларида тиббий ниқобсиз ҳаракатланаётганларга нисбатан яна маъмурий жарима қўлланилиши ҳақида хабарлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлмоқда.

Фото: ТАСС

Қайд этиб ўтиш керак, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси ҳукм сурганидан сўнг бир қанча барча муассасаларнинг ишлашига рухсат берилди. Лекин санитария ва гигиена қоидаларини ҳеч ким бекор қилгани йўқ.

Чиндан ҳам, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) биринчи бандига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

БҲМнинг беш баравари айнан 1 млн 350 минг сўм бўлади. Лекин бу қатъий жарима эмас. Кодексда ҳам беш баравариГАЧА деб ёзиб қўйилган.

Унда, миш-мишларда жон бор бўлиб чиқса ва жарималар яна қўлланила бошласа «маскасиз» юриш қанча жаримага сабаб бўлади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 25-моддаси (Жарима) нинг иккинчи қисмида фуқароларга солинадиган жариманинг энг кам миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг элликдан бир қисми (5400 сўм)дан, мансабдор шахсларга эса — ўндан бир қисми (27000)дан кам бўлмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.

Демак, ҳозирги шароитда жамоат жойида ниқоб тақмаслик 5400 сўмдан 1 млн 350 минг сўмгача бўлган миқдорда жаримага сабаб бўлади. Жарима миқдорини ваколатли шахс белгилайди.

Kun.uz ўтган йил ёзида ўз манбасига таяниб бир статистикани эълон қилганди: карантин бошланган 2020 йил баҳоридан бошлаб 2021 йил июл ойигача 1 млн 139 минг 872 нафар шахс тиббий ниқоб тақмагани учун жарима тўлаган. Жарималарнинг умумий суммаси 279 млрд сўмдан ошган. Бу битта баённомага ўртача 245 минг сўмдан тўғри келади.

Ўтган йили базавий ҳисоблаш миқдори айнан 245 минг сўм бўлганини инобатга олсак, амалиётда ниқоб тақмаслик учун 1 БҲМ жарима қўлланаётгани маълум бўлади. Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори 270 минг сўмни ташкил этади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Top