Лойиҳа президентнинг “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Лойиҳада қуйидагилар белгиланган: қонуннинг қўлланилиш соҳаси; кўчмас мулкнинг кадастр қийматидан фойдаланиш мақсадлари; кўчмас мулкларни давлат кадастр баҳолашни амалга ошириш принциплари ва тартиби; кўчмас мулкларнинг кадастр қийматини аниқлаш; кўчмас мулкларнинг кадастр қиймати тўғрисидаги маълумотларни қўллаш; кўчмас мулкларнинг кадастр қийматини аниқлаш натижалари ҳақидаги низоларни кўриб чиқиш; давлат кадастр баҳолашдаги жавобгарлик.
Қонун қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилиши назарда тутилмоқда: кўчмас мулкларни давлат кадастр баҳолашни амалга оширувчилар ва ундан фойдаланувчилар; нархни шакллантириш ҳамда меъёрлаштириш соҳасида давлат сиёсатини юритувчи давлат бошқарув органлари; норматив-ҳуқуқий тартибга солишни амалга оширувчи давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари, уларга идоравий мансуб ташкилотлар; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш органлари; коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотларга; шунингдек улар ўртасида юзага келадиган, кўчмас мулкларни давлат кадастр баҳолаш, ушбу маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган муносабатларга.
Ҳозирги кунда кадастр қийматини аниқлаш қуйидагилар билан тартибга солинади: солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг, турар жой фондининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом; солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган нотурар кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом.







