Спорт | 12:27 / 12.01.2022
13536
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий жамоасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланмоқда

Сречко Катанец ва Ҳожимат Эркинов коронавирусга чалинди. Словениялик мутахассис ўз юртида карантинда бўлиб турибди. Жамоани эса унинг ёрдамчилари бошқармоқда. 

Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоасида коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. 

ЎФА матбуот хизматининг хабар беришича, миллий жамоа бош мураббийи Сречко Катанец Дубайдаги йиғинга Словениядан етиб бориши режалаштирилган эди. Бироқ келиш олдидан топширилган тест мусбат натижа кўрсатган.

«Бугунги кунда яна тез суръатларда тарқалаётган коронавирус инфекцияси футбол оламига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон миллий жамоасини ҳам ковид билан боғлиқ вазият четлаб ўтмади.

Хусусан, миллий терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец Дубайдаги йиғинга Словениядан етиб келиши режалаштирилган эди. Бироқ, бевосита кетиш олдидан топширилган тест мусбат натижани келтириб чиқарган. Шу тариқа, словениялик мутахассис ўз юртида карантин ўташга мажбур бўлди. Умид қиламизки, карантин даври тугагач, мураббийимиз ўз соғлигини тиклаган ҳолда терма жамоа бошқарувига қайтади. Унга қадар Катанецнинг ёрдамчи мураббийлари йиғиннинг бошланғич қисмида терма жамоани бошқариб туради», дейилган расмий хабарда.

Миллий жамоа Дубайга етиб келгач, делегациянинг барча аъзолари ПЦР-тест топширган ва «Пахтакор» яримҳимоячиси Ҳожимат Эркинов вирус юқтириб олгани маълум бўлган. Футболчи изоляцияга олинган. Эркинов карантин муддати якунлангач, қайта тест топширади ва манфий натижа бўлса, машғулотларга қўшилади.

Мавзуга оид