Ўзбекистон | 15:51 / 13.01.2022
9016
2 дақиқада ўқилади

Худди кинолардагидай: Қашқадарёда босқинчилар йўл четида тўхтаган Matiz эгасини тунаб кетди

Қашқадарёда Matiz машинаси билан йўл четида тўхтаб турган йигитга уч нафар номаълум шахс аввал ёрдам таклиф қилган. Сўнг пневматик тўппонча ва электрошокер ёрдамида қўрқитиб, унинг пуллари ва буюмларини олиб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2021 йил 25 декабр куни ўзига тегишли Matiz билан Қарши-Чироқчи йўналишида ҳаракатланиб кетаётган йигит машинанинг огоҳлантириш чироқларини ёқиб, йўлда тўхтайди.

Шу пайт унинг олдига Nexia машинаси келиб тўхтайди ва ундан уч нафар йигит тушиб келади. Улар аввал йигитга ёрдам таклиф қилишади. У ёрдам керак эмаслигини айтгач, йигитлардан бири уни ўзлари миниб келган Nexia’га таклиф этади.

Йигит машинага ўтиргач, уни калтаклаб, пневматик тўппонча, пичоқ ҳамда электрошокер ёрдамида таҳдид қилишади. Сўнг йигитнинг 1 миллион 820 минг сўм, 701 доллар пулларини, телефони, машинанинг видеокузатув мосламаларини ва флеш картасини тортиб олишади.

ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув натижасида босқинчи йигитлар ушланади. Улардан пневматик тўппонча, электрошокер ва бошқа далилий ашёлар ҳужжатлаштириб олинади.

Қайд этилишича, босқинчилик қилган йигитларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2- қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид