2021 йилнинг охирги кунида Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводлардан бири «Қизилқумцемент» АЖ устав капиталидаги 86,92 фоиз давлат улуши 1,89 триллион сўмга United Cement Group’га(баъзи экспертларнинг фикрича оффшор компания) сотилганди. Натижада Кипрда рўйхатдан ўтган ушбу компаниянинг Ўзбекистонда эгалик қиладиган цемент заводлари сони («Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» билан бирга) 3тага етди.
Қўлдан қўлга ўтаётган заводлар. Ўзбекистондаги цемент заводлари билан нималар бўлмоқда?
Аммо бу хусусийлаштириш жараёни инвесторларда қатор саволлар ва норозиликларни келтириб чиқарди. Хусусан, Fusion Wealth Management Ltd. компанияси менежери Майкл МакГофига кўра, ушбу хусусийлаштириш жараёни шаффоф тарзда амалга ошмаган.
Инвестор 2021 йилнинг кузида ўтказилган Тошкент инвестиция форумидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан ишончи ва умиди жуда катта бўлгани, аммо бу каби битимлар хусусийлаштириш/ислоҳотлар дастурини савол остига қўяётганини таъкидлади.
МакГофи Linkidenʼдаги саҳифасида «Қизилқумцемент»нинг хусусийлаштирилиши бўйича фикрларини билдирди.
«Маълумот учун, мен ишлаётган фонд ва шахсан ўзим 2018 йилнинг бошидан бери «Қизилқумцемент»га инвесторлик қилиб келамиз. Ўзбекистон фондимиз фаолият юритадиган энг йирик мамлакат.
2021 йилнинг охирида заводнинг ҳар бир акцияси учун 6500 сўм таклиф этилаётганди, бироқ нарх 4859 сўм этиб белгиланган. Бу бозор нархига нисбатан 20 фоиз арзонроқ ва мантиққа тўғри келмайди.
Фирмани бошқариш имконияти жуда қимматга тушиши сабабли бу каби олди-сотдилар жорий нархлардан анча юқори қийматларда содир бўлади. Аммо «Қизилқумцемент» билан бунинг тескариси бўлди. Харид қилаётган фирма заводни бозор нархига нисбатан ҳам анча чегирма билан олган.
Бу UzAssets мотивларини шубҳа остига қўяди. Нима учун улар бозордан нархларига нисбатан анча пастроқ баҳодаги шартномани маъқуллаган? Йил якунида савдо сессияси ёпилишидаги охирги битим баҳоси 6500 сўмни ташкил этганди.







