Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан соҳа ходимларига байрам табриги йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизматида эълон қилинди.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!

Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Қадрли ватандошлар!

Аввало, ўз ҳаётини она юртимизни ҳимоя қилишдек улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ айёмда жонажон Ватанимизга садоқат, азму шижоат каби эл-юртимизга хос юксак фазилатларнинг қадр-қиммати ва аҳамиятини, улар ҳаётимизда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини янада теран англаймиз ва ўзининг жанговар фаолияти билан буни амалда исботлаб келаётган сиздек ғоят олижаноб касб эгаларини шарафлаймиз.

Шу билан бирга, жанговар бурчини адо этишда мардларча ҳалок бўлган фидойи ҳарбий хизматчиларимизнинг нурли ва сўнмас хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирамиз.

Азиз дўстлар!

Истиқлол даврида Ўзбекистон армияси жуда мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтди. Ёш давлатимизнинг ўта оғир шаклланиш йилларида айнан Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ҳаёти ва фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Кейинги йилларда амалга оширган туб ислоҳотларимиз туфайли тарихан қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор ва ихчам миллий армияни ташкил этишга эришмоқдамиз.

Ана шундай буюк тарихий жараёнда халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросига таяниб, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизнинг жанговар анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган, жисмоний ва маънавий етук, замонавий билим, қурол-яроғ ва техникаларни пухта эгаллаган, давлат ва халқ манфаатлари учун ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтишга тайёр бўлган ҳарбийларимиз доимо фаол иштирок этиб келаётганлари ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.