15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ўтган йили Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсди. Ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлади. Ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етди.

Расмий релизда бундай натижаларга “фаол ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллабай ишлаш натижасида” эришилгани айтилади.

“2022 йилни Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили, деб эълон қилдик. Шу боис бу йил барча маҳаллаларда туб ўзгаришлар бўлиши керак”, – деди давлат раҳбари.

Янги йилдан 9 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Бу тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилиб, барча масалалар ҳал қилиб берилди.

Йиғилишда маҳаллабай ишлаш тизимини ташкил этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Хусусан, мутасаддилар маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиб, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга шахсан масъул бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Ҳоким ёрдамчилари “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари доирасида ўз маҳаллаларида ўрганишлар ўтказиб, ижтимоий реестрни қайтадан янгилаши лозимлиги таъкидланди.

Бунда, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш йўлга қўйилади.

“Аҳолини ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилишга катта ҳажмда кредит ва субсидиялар ажратилмоқда. Лекин, жойларда аксарият одамлар улардан бехабар десак, бу ҳам ҳақиқат. Шунинг учун ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, уларга мавжуд шароитларни етказиши, тадбиркорлик ва деҳқончиликка ўргатиш орқали камбағалликдан чиқариши лозим”, – деди президент.