Вилоятнинг Ўзбекистон тумани марказида жойлашган Чармак маҳалласи қатламаси билан машҳур. Маҳаллада пиширилган қатламалар вилоятнинг бошқа туманларигача ва ҳатто қўшни давлатларга ҳам олиб кетилади.
Саккиз йилдан буён қатлама пишириш билан шуғулланаётган пенсионер Солияхон Жўрабоева хонадонида бўлиб, довруғ қозонган қатлама қандай тайёрланиши билан қизиқдик.

«1984 йилда ўқишни тамомлаб туман марказий шифохонаси туғруқхона бўлимига ҳамшира бўлиб ишга кирганман. Туғруқхонада 35 йил ишладим. Нафақага чиққанимга 3 йил бўлди.
Тонг саҳар уйқудан уйғонамиз. Ишчиларимиз бор, улар чиқади, иш бошлаймиз. Соат 10:00-11:00 гача қатлама пиширамиз. Тайёр бўлганини бозорга етказиб берамиз. Буюртмалар бўйича тўй-маросимларга қатламалар пишириб берамиз», — дейди Солияхон опа.

У бир кунда 120 тагача қатлама пиширар экан. Уларнинг ҳар бир донаси 11 минг сўмдан сотилади.
«Ҳозирда бозорда нарх-наво ошиб кетди. Ун ва ёғ нархи кўтарилгани учун қатламалар нархи ҳам бир мунча ошди. Бозорда сотувчи қизимиз бор.
Ҳамма касбнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Қийин бўлса ҳам рўзғор учун, тирикчилик учун бу иш билан шуғулланамиз», – дейди у.
Солияхон Жўрабоева машҳур қатламанинг пиширилиш жараёнини кўрсатар экан, тайёр бўлган пишириқ олис манзилларга такси орқали етказиб берилиши ҳақида ҳам сўзлаб берди.
«Худди нонга хамир қоргандек, хамир тайёрлаймиз. Зувала қиламиз. Тайёр бўлган хамирни ёйиб чиқиб, орасига ёғ суртамиз. 4-5 қават қилиб ўраб чиққанимиздан кейин 5-10 дақиқа тиндириб, ясаб беришади. Ана шундан кейин пиширишни бошлайман. Қатламалар ўрта оловда пиширилади.

Қатламаларимиз учун Фурқат, Бешариқ, Учкўприк туманлари, Қўқон ва Тошкент шаҳридан ҳам харидорлар қидириб келишади. Айрим ҳолларда қатламаларни узоқ манзилларга таксилар орқали етказиб берамиз»,



















