Ўзбекистон | 15:19 / 16.01.2022
21904
3 дақиқада ўқилади

Қонун қаёқда қолди? Аэропортларда белгиланган экспресс-тест нархи қонунга зид

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун тарифлар, нархлар фақат Ўзбекистон валютасида белгиланади. Махсус комиссия қарорида қонуннинг бу нормаси инобатга олинмаган.

Фото: KUN.UZ

Uzbekistan Airports ахборотига кўра, 15 январдан Давлат божхона қўмитаси ва Санитария-эпидемиология хизмати Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг қўниш залларига экспресс-тест пунктлари фаолиятини йўлга қўяди. Мамлакатга ҳаво транспорти орқали кириб келган барча йўловчилар коронавирус экспресс-тестдан ўтади.

Тест нархи 5 АҚШ доллари эквивалентида белгиланган бўлиб, бу сумма Марказий банк курси бўйича сўмда ундирилади. 

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг (янги таҳрирда) 9-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун тарифлар, нархлар фақат республика валютасида белгиланади.

Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.

Алоҳида ҳолларда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ўзбекистон ҳукумати билан инвестиция шартномалари доирасида жалб этиладиган чет эл инвестициялари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида йўл қўйилади.

Давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат Ўзбекистон Республикаси валютасида ундирилади (бундан консуллик йиғимлари мустасно).

Аэропортнинг мамлакатга кириб келувчилардан 5 доллардан тўлов ундирилаётган қисми Ўзбекистон Республикаси ҳудуди экан, Махсус комиссиянинг ушбу қарори ғайриқонуний ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 9 январ ва 11 январдаги қарорларига асосан, коронавируснинг омикрон штамми туфайли 15 мартдан бошлаб Ўзбекистонга киришда янги тартиб ўрнатилган.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаролар (автомобиль ҳаракати бундан мустасно) киришидан камида 48 соат олдин ПЗР усулида ўтказилган коронавирусга манфий тест натижасини тақдим этишлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига киришда коронавирус инфекцияси мавжудлигини аниқлаш учун экспресс антиген тестини топширишлари шарт.

Мазкур тартиб фуқароларнинг эътирозларига ва норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид