10:40 / 19.01.2022
1622

Қорақалпоғистонда 238 нафар тиббиёт ходимининг 1,5 млрд сўмлик пуллари ундириб берилди

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори аралашуви билан ўтган 2021 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари томонидан қилинган мурожаатлар асосида жами 238 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланган.

Улар фойдасига жами 1 миллиард 515 миллион 720 минг сўм миқдорида пул маблағлари ундирилган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Зулхандер Даулетовнинг таъкидлашича, Чимбой тумани тиббиёт бирлашмасида фаолият юритиб келаётган жами 168 нафар тиббиёт ходимига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда иштирок этгани учун, яъни 2020 йил 20 августдан 24 ноябр кунлари давомидаги меҳнатлари учун рағбатлантириш тўловлари амалга оширилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 сентябрдаги 583-сонли қарори билан тасдиқланган “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш объектларида ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ходимларга махсус рағбатлантириш тўловларини тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бўйича коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар жойлашган муассасаларда фаолият олиб бораётган тиббиёт ва бошқа ходимлар ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториялари ходимларига ишлаган даври учун иш юкламаларини инобатга олган ҳолда уларнинг тариф ставкаларига 200 фоиз миқдорида, шунингдек, анестезиолог-реаниматолог врачларга 1,2 коэффициентга оширилган ҳолда махсус устамалар тўлаб берилиши белгиланган.

2021 йил сентябр ойидаги Чимбой туманлараро суди ҳал қилув қарорига асосан 168 нафар ходимга жами 1 миллиард 477 миллион 766 минг сўм миқдоридаги махсус рағбатлантириш тўловлари тўлиқ ундириб берилган. Ундан ташқари, тиббиёт соҳасида амалга оширилмай келинаётган ҳар хил тўловлар ҳам меҳнат ҳуқуқи инспектори аралашуви билан ҳал қилинган. Жумладан, 2021 йил давомида 26 та ташкилотга киритилган кўрсатмалар асосида ходимлар ҳисобига жами 324 миллион 492 минг сўм миқдоридаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўлаб берилиши таъминланган.

Бундан олдин Хўжайли туманида 3 нафар ўқитувчининг қарийб 125 млн сўмлик устама ҳақи ундириб берилганди.

Top