Жаҳон | 17:33 / 24.01.2022
25967
2 дақиқада ўқилади

ДХР раҳбари Украина «Донбассга ҳужумга ўтиш»га тайёрланаётганини маълум қилди

Фото: Сергей Аверин / РИА Новости

Тан олинмаган Донецк халқ республикаси раҳбари Денис Пушилин «Россия 1» учун берган интервьюсида Украина Донбассга ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида гапирди.

«Украина томонидан амалга оширилаётган тадбирлар табиатига кўра — ҳужумга тайёргарлик кетмоқда. Мен техникалар олиб келинаётгани, танк экипажлари тайёрланаётгани, улар аввалги позицияларга қайтарилаётгани, бу нуқтада артиллерия расчётлари ва танклар тўпланаётгани ҳақида гапиряпман», — дея Пушилиннинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Унинг сўзларига кўра, чегарага «Ураган» ва «Смерч» баравар ўт очиш реактив тизимлари олиб келинган, хорижлик журналистлар, «АҚШ ҳамда Британия инструкторлар келишган, улар позицияларни суратга олиб интернетга жойлаштиришади».

Бундан ташқари, ТАСС хабарига кўра, Пушилин «туташув линияси»нинг Украина томонида 129 мингга яқин украин ҳарбийси турибди.

Шунингдек, Пушилин ДХРдагилар Донбассда терактлар содир этишни мақсад қилган қўпорувчи (диверсант) гуруҳлар тайёрлангани тўғрисидаги маълумотга эгалигини билдирган. У «Ўнг сектор»ни назарда тутган ҳолда минтақага «қутурган радикаллар» жўнатилганини қўшимча қилган.

Пушилиннинг сўзларига кўра, ДХР ҳозирча ҳужумга ўтишга тайёрланмаяпти.

  • Ғарб мамлакатлари сўнгги ойларда россиялик ҳарбийлар Украина чегарасида тўпланаётганидан хавотир билдириб, буни Украина ҳудудига босқинга тайёрланиш сифатида баҳоламоқда. Россия ҳарбий операция режаси йўқлигини билдириб, ҳарбийлар машғулот ўтказиш учун олиб келинганини айтиб келади.

Мавзуга оид