Воқеа жойидан олинган кадрларда трасса бўйлаб кетаётган машиналар карвони, болалар ва қўлига илинган буюмларни олган оилаларни кўриш мумкин. Уларнинг юкларини кўтаришга ҳарбийлар ёрдам кўрсатишган. Эвакуация қилинганларнинг жами сони маълум қилинмаган.

Қирғизистон ФВВ қўшни вилоятлар марказларидаги аҳоли вақтинча қочқинларни ўз уйларида қабул қилишга тайёрлигини хабар қилган.

Душанба ва Бишкек эскалацияда бир-бирини айбламоқда.

Ўзаро айбловлар

Отишма Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғи ҳудудидаги чегара постида келиб чиққан. Хабар қилинишича, тожикистонлик чегарачилар Тўрт-Кўчо ва Уч-Добода миномётлар ва гранаталар ҳам қўллашган.

Маҳаллий вақт билан тун ярмидан ўтганда Қирғизистон чегара хизмати чегаранинг икки участкасида ўт очиш тўхтатилгани, яна иккисида «вақти-вақти билан ўқ овозлари эшитилиб тургани» ҳақида маълум қилган.

Қирғизистон чегара хизмати томонлар музокаралар ўтказаётгани ҳақида хабар қилган. Унда Қирғизистон президентининг Боткен вилоятидаги вакили ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги губернатори, шунингдек икки давлат чегара хизмати вакиллари қатнашган. «Интерфакс» Қирғизистон чегара хизматига асосланган ҳолда маҳаллий вақт билан соат 22:30да тожикистонлик чегарачилар ва ҳарбийлар қирғизистонликларнинг позицияларини ўққа тутишда давом этаётгани кузатилган.

Тожикистон чегара хизмати ҳодисада қирғиз томонини айблаган ва қирғизлар тожиклар ҳудудини миномётлардан ўққа тутганини билдирган.

Пайшанба тунида нималар содир бўлди?

«Ховар» расмий агентлигига жойлаштирилган идора баёнотида Қирғизистон чегарачилари «мавжуд ўқотар қуроллар билан Тожикистон Республикаси фуқароларини ўққа тутгани» келтирилган. «Тинч аҳоли ва чегарачилар орасида қурбонлар бор», дейилган баёнотда.

Душанбедагиларнинг тасдиқлашича, «тинч аҳоли, автотранспорт воситалари ва турли инфратузилма объектлари» интенсив равишда ўққа тутилган. «Тожикистон Республикаси ҳаво кенглигини бузган ҳолда учувчисиз учиш қурилмалари парвозлари қайд этилди», дея маълум қилган чегара хизмати.

Бунга жавобан Қирғизистон томони дронлардан фойдаланилганини рад этди ва аксинча Тожикистон Қирғизистон ҳаво кенглигини бузиб ўтганини маълум қилди. «Айнан тожик чегарачилари сўнгги вақтларда Қирғизистон ҳудудида разведка ишлари олиб бориш мақсадида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланмоқда», дея чегара хизмати баёнотидан иқтибос келтиради «Интерфакс».