«Бугунги кунда биз аввалгига қараганда каттароқ эскалация кўрмаяпмиз. Ҳа, ҳарбийлар сони ошган, аммо мен бу ҳақда 2021 йил бошидаёқ айтганман, ўшанда Россия Федерацияси ҳарбий машғулотлари ҳақида айтилганди [...] Ва ҳозир ҳам мен вазият ўша машғулотларнинг авж палласидагидан кўра кескинроқ деб ҳисобламайман - вазият ўшанда ҳам жуда кескин эди. Аммо ўшанда бундай ахборот сиёсати олиб борилмаганди. Шунинг учун мен ҳисоблайманки - биз президент [АҚШ] билан ҳам шу ҳақда гаплашдик - мен ҳисоблайманки, бу сиёсат мувозанатли бўлиши керак», деган Зеленский Киевда хорижлик журналистлар учун ўтказилган брифингда.
Зеленский хорижлик етакчиларнинг баёнотларидан Киев кўчалари бўйлаб танклар ҳаракатланаётгани ҳақида тасаввур уйғониши, аммо аслида бундай эмаслигини таъкидлаган.
«Бизга бундай ваҳима керак эмас [...] Бизга мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлашуви керак [...] чунки «эртага уруш» бошланиши ҳақидаги сигналлар янграмоқда - ҳатто давлатларнинг ҳурматли раҳбарларидан ҳам сигналлар келди, улар дипломатик тилда ҳам эмас, очиқчасига шундай демоқда: «Эртага уруш бўлади». Бу — ваҳима. Бозорларда ваҳима, молиявий секторда ваҳима. Бу бизнинг давлатимизга қанчага тушади!» деган Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, бундай ваҳима Украина иқтисодиёти қайтариб олинган инвестициялар туфайли 12,5 млрд гривна (440 млн доллар атрофида) зарар кўрган. «Бизда ўтган йили ЯИМ кўрсаткичлари бўйича рекорд даражага эришдик, ўсиш бўлди, 2021 йилда 6,5 млрд [гривна] янги инвестициялар келди. Аммо бундай ахборот уруши туфайли Украинадан 12,5 млрд пулни олиб чиқиб кетишди. Биз валютамизни давлат захиралари ҳисобидан барқарорлаштирмоқдамиз. Бу мамлакатимизга жуда қимматга тушмоқда», деган Зеленский.
Оқ уй сайтида Байденнинг Зеленский билан мулоқоти ҳақида берилган ҳисоботда америкаликлар президенти яна бир бор Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, Қўшма Штатлар иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда «қатъий жавоб қайтариши»ни айтгани билдирилган. Шу билан бирга, Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Байден россияликлар феврал ойида Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида гапирган.
«Тайёр бўл, аммо бу ҳақда бонг урма»
Байден ва Зеленский мулоқотидан кейин журналистлар томонлар айнан нималарни гаплашгани ҳақида тахминлар билдира бошлади. CNN’нинг хавфсизлик масалалари бўйича катта корреспонденти Александер Маркардт твиттерида АҚШ президенти босқин муқаррар эканини айтгани ҳақида ёзган. Оқ уй буни рад этиб, президент муқаррар ҳужум ҳақида эмас, «хавф реаллиги» ҳақида гапирганини маълум қилди. Украина президенти матбуот хизмати ҳам CNN маълумотларига раддия берди.












