Декабрь ойи бошидан буён АҚШ ва Украина президентлари уч бор мулоқот қилди / Reuters

Оқ уй сайтида ушбу мулоқот бўйича берилган ҳисоботда президент яна бир бор Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, Қўшма Штатлар иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда «қатъият билан жавоб қайтариши»ни таъкидлаган. Шу билан бирга, Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Байден россияликларнинг Украинага ҳужуми февралда рўй бериши мумкинлигини айтган.

Версиялар ва раддиялар
Байденнинг Зеленский билан мулоқотидан кейин журналистлар икки мамлакат раҳбарлари айнан нималарни муҳокама қилгани бўйича ўз тахминларини билдира бошлади.

CNN’нинг хавфсизлик масалалари бўйича катта корреспонденти Александер Маркардт твиттердаги саҳифасида АҚШ президенти босқин муқаррар эканини айтгани ҳақида ёзган. «Юқори мартабали украиналик амалдор mchancecnn’га Байден Зеленскийга Россия босқинидан энди қочиб қутулиб бўлмаслиги, ер музлаши билан улар ҳужумга ўтиши ҳақида айтганини хабар қилган. Ушбу амалдорга кўра, Байден Киев «қамал қилиниши» мумкинлиги, россиялик ҳарбийлар шаҳарни эгаллаб олишга уриниши мумкинлиги, «зарбага тайёр туриш кераклиги»ни айтган», дея тасдиқлайди журналист.

Аввалроқ айрим ҳарбий экспертлар Россия оғир техникаларини ботқоқлик ҳудудларида ҳаракатлантириш осон бўлиши учун Украина ерлари музлашини кутиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилишганди.

Аммо Оқ уй вакиллари Байден бундай гаплар айтмаганини билдирди. «Бу тўғри эмас. Президент Байден Россия февралда Украинага бостириб кириши мумкинлиги бўйича реал хавф мавжудлигини айтди. У аввал ҳам бу ҳақда очиқ гапирган, биз ҳам бир неча ойдан буён бу ҳақда огоҳлантириб келмоқдамиз. Бундан ошиқча ёки фарқли хабарларнинг барчаси ёлғон», дея твиттерда Маркардтга жавоб ёзган Америка маъмуриятининг миллий хавфсизлик кенгаши расмийси Эмили Ҳорн.

CNN шахси сир сақланиши шарти билан гапирган украиналик юқори мартабали амалдорга таянган ҳолда икки президент суҳбати, Россия таҳдиди кўлами борасидаги фарқли фикрлар туфайли «у қадар силлиқ ўтмагани» ҳақида хабар қилган. Манба маълумотига кўра, Байденнинг «босқин муқаррарлиги» ҳақидаги огоҳлантиришига жавобан Зеленский ўз позициясини такрорлаб, Россия томондан таҳдид бор бўлса-да, бу «ноаниқ» экани ва россияликлар ҳужум қилиши факт эмаслигини айтган.

Аммо Украина президенти матбуот хизмати бу хабарларни рад этди. «Ижтимоий тармоқларда гўёки Украина расмийсига асосланган ҳолда президент Владимир Зеленский ва Жо Байден ўртасидаги музокараларга оид экани айтилган маълумотлар тарқалди. Бу хабарлар мутлақо асоссиз», дея ёзган фейсбукда Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров.