12:49 / 31.01.2022
29274

«UzIMEI – Ўзбекистонни орқага тортаётган, тушунарсиз бюрократик тизим» – Жаҳон банки эксперти

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси, эксперт Винаяк Нагараж UzIMEI «тушунарсиз бюрократик» тизимлигини қайд этиб, Ўзбекистонни орқага тортаётган сиёсатлардан бири эканлиги ҳақида ёзди.

Фото: Kun.uz

Эксперт, ушбу твитини davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидировнинг UzIMEI тизимига доир постидан илҳомланиб ёзганини айтади.

«Бошқа давлатларнинг тажрибасидан мобил телефонларни қандай қилиб самарали рўйхатга олиш ва «кулранг бозор» муаммосини йўқ қилиш бўйича кўплаб дарс олиш мумкин. Ҳозирги UzIMEI тизими фуқаролар ва айниқса мамлакатда 30 кундан ортиқ қолаётган хорижликлар учун жуда оғриқли муаммо.

UzIMEI бюрократик ва ноқулай бўлиши билан бирга, янги технологияларни жорий этиш ва IOT (The Internet of things)ни кенг қўллашга тўсқинлик қилиб турибди. IOT қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича катта имкониятларга эга.

Яна давом этишим мумкин, лекин бу менинг ҳар йиллик умидсизлигим ифодаси. Ўзбекистоннинг салоҳияти ва ундаги ислоҳотларга жуда ижобий қарайман, қисқа вақт ичида кўп нарса ўзгарди. Лекин, UzIMEI жуда қалбимни оғритяпти – кичкина чивин шунча азоб беряпти.

Менинг, ҳар йиллик умидим ва илтимосим – телекоммуникация соҳасидаги ислоҳотлар якунига етсин, Ўзбекистонда телефонларни регистрация қилиш содда ва алоқага таъсир қилмайдиган тизимга айлансин», - деб ёзади Жаҳон банки эксперти.

Ўзбекистонда 2020 йилдан мобил қурилмаларни IMEI тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш бошланган вақтда кўплаб тушунмовчилик ва норозиликлар пайдо бўлганди. Хусусан, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказилгани маълум бўлганди.

«Менинг фикрим» порталига ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан IMEI кодларни рўйхатга олишда тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича киритилган жамоавий мурожаат эълон қилинганидан сўнг бир йил ўтиб Қонунчилик палатаси томонидан рад қилинган.

Kun.uz жамиятни қийнаб келаётган ушбу тизим борасида экспертлар ва жамоатчилик фаолларининг фикрлари, таклиф ва танқидларини жамлаб, бериб келмоқда

Тизимдаги камчиликлар юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУКка 2021 йил ноябр ойида Kun.uz томонидан юборилган журналистик сўровга эса вазирлик жавоб ҳам, изоҳ ҳам бермади.

2021 йил октябрь ойида «Ўзбекистон ТТБРМ» ДУКка борган ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов яқин келажакда мобил телефон рақамларини кўчириш тизими ишга туширилиши ҳамда IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун осонлаштириши ҳақида гапирди, лекин бу ҳам ҳозирча қуруқ гаплигича қолиб кетди.

Бундан ташқари, ўтган йиллар мобайнида UzIMEI тизимида ноқонуний мобил телефонларни рўйхатдан ўтказиш учун минглаб фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини ўғирлаган шахслар устидан очилган жиноий ишлар юзасидан ҳам жавоб берилмаяпти. 

Мавзуга оид
Top