Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган ҳужжатлар Бош прокуратура томонидан ўрганиб чиқилиб, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Маъмурий иш белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун 25 январь куни жиноят ишлари бўйича судга юборилган. Бу ҳақда бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.
Суд мажлисларига оид очиқ маълумотлар порталида кўрсатилишича, Абдухолиқов МЖтКнинг 175-8-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда гумонланмоқда.
Мазкур модданинг 4-қисмига кўра, давлат харидлари жараёнидаги аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда хабар бермаслик мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (5,4 миллиондан 8,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Суд мажлиси 2 феврал куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида судья Жаъфар Курбанов раислигида кўриб чиқилади.
Мазкур кейс Ўзбекистонда юқори лавозимли давлат амалдорининг манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ биринчи шов-шувли ҳолат бўлмоқда.
Ўзбекистонда давлат харидларига оид қонунчиликни бузганлик, хусусан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун маъмурий жавобгарлик ўтган йили жорий қилинган. Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича таклиф ишлаб чиққанди.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz 20 январ куни Фирдавс Абдухолиқов атрофидаги манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар берган эди. Мақолада “Sevimli” телеканалига миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмалари берилгани, телеканал эгалари эса мазкур ҳолатда давлат буюртмачиси – Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовнинг оила аъзолари экани ҳақида сўз юритилганди.
















