Ўзбекистон | 12:49 / 01.02.2022
2558
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ўқишни кўчириб беришини айтиб фирибгарлик қилган ва пора олган шахслар ушланди

Фото: Тергов департаменти

Сурхондарё вилояти Музработ тумани ва Наманган вилояти Уйчи туманида ўқишни кўчириб беришини айтиб фирибгарлик қилган ва пора олган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Уйчи туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда аниқланишича, “I.I.” МЧЖ иш юритувчиси М.Т. фуқаро М.Ж. ва бошқаларнинг ишончига кириб, уларга чет давлатда таҳсил олаётган талабаларни Ўзбекистондаги ОТМларга кўчириш фаолияти билан шуғулланишини айтган.

Сўнг 2021 йилнинг июнь-декабрь ойларида 4 нафар ота-онанинг фарзандини ўқишини кўчириб бериш эвазига 6 700 доллар ва 1,4 миллион сўмни қўлга киритган. У олган пулидан 1 200 долларни қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Шу каби, департаментнинг Музработ туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Термиз муҳандислик-технология институти жисмоний тарбия ўқитувчиси Ш.А. фуқаро Ф.нинг Тожикистондаги ОТМдан ўқишини 900 доллар эвазига ўзи ишлаётган институтга кўчириб беришни ваъда қилиб, шундан 800 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид