Ургутдаги янги масжид олдида ўрнатилган светофор ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдириб, ЙТҲ хавфини юзага келтирмоқда.
Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Ургут туманидан йўлланди. Унда ёзилишича, Ургут тумани Мерганча маҳалласида ўрнатилган светофор ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирмоқда ва йўл-транспорт ҳодисаси хавфини юзага келтирмоқда.
Мурожаатда маълум қилинишича, 2021 йил март ойида очилган Ургут марказий жоме масжиди олдига, М39-Ургут-Булунғур йўлига ўрнатилган светофор маҳаллага кирадиган йўлни инобатга олмасдан ўрнатилган. Оқибатда, маҳалла ичидан чиқадиганлар, шунингдек, масжидга келадиганлар бу кўчадан чиқиб кетишда нафақат ноқулайликларга, балки йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши хавфига дуч келишмоқда.
«Масжид олдига светофор ўрнатишганда хурсанд бўлгандик. Аммо уни эътиборсизлик билан, йўл-ҳаракати қоидаларига зид равишда ўрнатиб кетишди. Ўшандан буён Мерганча маҳалласида яшовчиларнинг масжид олдидаги кўчадан асосий кўчага чиқишида муаммо юзага келяпти. Ҳар сафар катта кўчага чиқишда юрак ҳовучлаб турамиз. Бундан ташқари, масжидга келадиганлар ҳам ўз машиналарини асосан шу йўлга қўйишади ва улар ҳам чиқиб кетишда муаммога дуч келишяпти.
Маҳалла ичидан чиқадиган кўчада ўрнатилган светофорда яшил ёнса, асосий кўчага чиқиб ўнг тарафга қайрилишда муаммо йўқ. Аммо чап тарафга чиқишнинг иложи йўқ. Кичик кўчада яшил ёнганда асосий кўчадаги светофорда қизил ёнади. Ана шу жойда светофор нотўғри ўрнатилгани учун қизилда тўхтаган машиналар маҳалла кўчасидан чиқаётган машиналарнинг йўлини тўсиб қўймоқда», дейилади мурожаатда.
Мерганча маҳалласида бўлиб ҳолатни ўрганганимизда ҳақиқатан ҳам масжид олдидаги асосий кўчада светофор нотўғри ўрнатилгани ва бу маҳалла ичидан чиқаётган ҳайдовчиларга ноқулайлик ва ЙТҲ содир бўлиш хавфини юзага келтираётганининг гувоҳи бўлдик.
Бу ерда юзага келаётган муаммонинг ечими мураккаб эмас. Асосий йўлга ўрнатилган светофор 20 метрча орқага сурилса маҳалла ичидан чиқадиган машиналар ҳам бемалол чапга қайрилиб кета олишади. Аммо негадир светофорни ўрнатаётганлар шунга эътибор беришмаган.
Аввалига балки Ургут туман ИИО ФМБ ЙҲХБ бошлиғи ва унинг ходимларининг ушбу муаммодан хабарлари йўқ, деган яхши гумонда бўлдик. Аммо бу ҳақда уларга хабар беришнинг иложи бўлмади. 2022 йил 29 январ куни уларнинг бирортасини идорасидан топа олмадик. Ургут тумани ИИО ФМБ ЙҲХБ бошлиғи Баҳодир Холмонов эса қўнғироқларга жавоб бермади.
Бугун, мақола ёзилиши арафасида Баҳодир Холмоновга яна қўнғироқ қилдик. Аммо «Kun.uz’дан безовта қиляпмиз» деган овозни эшитганидан сўнг у алоқани узиб қўйди ва такрор-такрор қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.
Битта светофорнинг нотўғри ўрнатилиши балки кимларгадир арзимас муаммодир. Лекин гап инсонларнинг ҳаёти ҳақида кетар экан, муаммо жиддийга айланаверади. Шу жумладан, Ургут марказий масжиди олдида нотўғри ўрнатилган светофор ҳам.
Қолаверса, яқинда айнан шу жойда содир бўлган ЙТҲда 18 ёшли навқирон йигит вафот этганди. Шундай экан, йўллардаги белгилар тўғри ўрнатилишининг аҳамияти катта.
Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбир
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
18:56 / 24.09.2024
ЙҲХХ бошлиғи: “Йўл ҳаракати қоидаларини кўп бузган ҳайдовчилар билан «маҳалла еттилиги» ишламоқда”
10:54 / 02.08.2024
Ургутда йўлдан ўтаётган 3 ёшли бола Cobalt уриб кетиши оқибатида вафот этди
22:17 / 29.07.2024