3 яшар қизчасини айиққа ем қилмоқчи бўлган она воқеаси атрофидаги муҳокамалар бир неча кундирки тингани йўқ. Kun.uz ҳодиса қандай рўй берганини ўрганди, фожиага сабабчи бўлган аёлнинг хонадонида бўлиб, у нега бундай ҳолатга тушиб қолганини аниқлашга уринди. Бироқ мавзу бўйича қатор саволлар ҳалигача очиқ қолмоқда.

Руҳий хаста аёл қандай қилиб ишга қабул қилинган?

Фожиа сабаблари ҳақидаги суриштирувимиз тафсилотлари эълон қилингач, ўқувчиларимиздан кўплаб саволлар келиб тушди. Жумладан, кўпчилик руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турган аёлнинг талабаларга дарс беришига қандай қилиб йўл қўйилгани, нима учун олий таълим муассасасига ўқитувчи лавозимига ишга олинаётган шахснинг саломатлиги ҳақида маълумотнома талаб қилинмагани билан қизиқди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ходимлар бўлими бошлиғи Дилбар Арипованинг Kun.uz'га маълум қилишича, Зилола Тўлаганова ишга кираётганда соғлом экани қайд этилган тиббий маълумотнома тақдим этган.

“Институтга ҳар бир ўқитувчи тартибимиз бўйича 4 та масъул ходимнинг суҳбатидан ўтиб, керакли ҳужжатларни тақдим этганидан сўнггина ишга қабул қилинади. Талаб этилган ҳужжатларнинг орасида ишга қабул қилинаётган ходимнинг соғломлиги ҳақидаги маълумотнома ҳам бўлиши шарт.

Зилола Тўлагановага Шайхонтоҳур тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 43-сонли оилавий поликлиника томонидан 653-рақамли 2021 йилнинг 30 август кунида унинг соғлом ва ишга лаёқатли эканлигини тасдиқловчи тиббиёт маълумотномаси берилган. Маълумотномада 9 та (терапевт, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, гинеколог, дерматолог) шифокорнинг Зилола Тўлаганованинг соғлом эканлигини тасдиқловчи имзоси ҳам қўйилган. Биз шу маълумотномага асосланиб, уни ишга қабул қилганмиз”, дейди Дилбар Арипова.

Маълум бўлишича, З.Тўлаганова институтга 2021 йилнинг 6 сентябрь куни 0,5 ставкага ташқи ўриндошлик асосида ишга қабул қилинган. У институтнинг 3-курс талабаларига реклама ва амалий графикадан дарс берган.