08:00 / 05.02.2022
4372

«Ёш гвардиячилар» спорт мактаблари ташкил қилинмоқда

Вазирлар Маҳкамаси “Ёш гвардиячилар” болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

“Ёш гвардиячилар” болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари иккита спорт мактаблари негизида: Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидаги 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби филиали негизида ташкил этилмоқда. Мактаблар Миллий гвардия тизимига киради ва юқоридаги иккита мактаб учун белгиланган тартибда молиялаштирилади.

Қуйидагилар спорт мактабларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни соғлом турмуш тарзига тарғиб этиш ва спорт билан мунтазам равишда шуғулланишларини ташкил этиш;
  • нотиқлик ва етакчилик хислатларига эга, жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Миллий гвардия учун кадрлар резервини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлашда кўмаклашиш;
  • ўқувчи-спортчилар ва тренерлар таркибининг профессионал маҳоратини ошириш учун хорижий спорт мактаблари ва клублари билан тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш.

Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:

  • спорт мактаблари фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилади;
  • спорт мактаби директорини лавозимга тайинлаш Туризм ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда Миллий гвардия томонидан амалга оширилади;
  • спорт мактаблари ўқувчиларининг машғулот даврига халақит бермаган ҳолда Миллий гвардия ҳарбий  хизматчи ва ходимларига спорт мактабларининг спорт иншоотларидан фойдаланиши учун рухсат берилади.
Top