Республика таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасалари талаба ва ўқувчилар ўқиши учун контракт миқдорини тўлашнинг сўнгги муддати 2022 йилнинг 1 марти этиб белгиланди.
Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га хабар берди.
Ушбу муддат қуйидагилар:
- тўлов-контракт асосида олий таълим муассасаларига талабаликка (магистратура, бакалавр), профессионал таълим муассасалари (техникум, коллеж)га ўқувчиликка тавсия этилганлар;
- табақалаштирилган тўлов-контракт асосида профессионал таълим муассасалари (коллеж, техникум)га ўқувчиликка тавсия этилганлар;
- ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тикланган талабалар учун амал қилади.
Таъкидланишича, қарорга келинишида кўпчилик абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарининг мурожаатлари инобатга олинган.
















