Франция президенти музокаралардан кейинги матбуот анжуманида ўзи ва Путин яқинлашувнинг айрим муайян нуқталари ҳамда кескинликни юмшатиш йўлларини муҳокама қилишгани, у бу масалаларни энди Киев, Вашингтон ҳамда ЕИ ва НАТО бўйича иттифоқчилар билан ҳам гаплашишини айтиб ўтди. Макрон айнан қайси нуқталар ва усулларни назарда тутганини аниқлаштирмади, фақат бу таклифлар тақдири яқин вақтлар ичида ҳал бўлиши мумкинлигини қайд этди.

«Кейинги бир неча кун ҳал қилувчи кунлар бўлади ва биз биргаликда интенсив музокаралар олиб боришимиз талаб этилади», деган Франция президенти Путин билан музокарадан кейин.

Россия етакчиси ҳам айнан қайси масалалар ҳақида гап кетаётганини очиқламаган, аммо у Макроннинг таклифларидан айримларини истиқболли деб атаган. «Эҳтимол бу ҳақда гапиришга ҳали эртадир, лекин унинг қатор ғоялари, таклифларини, менимча, кейинги биргаликдаги қадамларимиз асосига айлантириш мумкин», деган Путин.

Франция президенти муҳим масалаларда, масалан, НАТОнинг очиқ эшиклар тамойили бўйича Путин билан ихтилофлар сақланиб қолаётганини айтган. Россия Шимолий Атлантика альянси Украинани (Грузияни ҳам) сафига қабул қилмаслиги бўйича мажбурият талаб қилади, аммо НАТО ва унга аъзо бўлишга интилаётган Шарқий Европа мамлакатлари бу талабни қатъиян рад этиб, ташкилотга кириш ёки кирмаслик масаласи муайян суверен мамлакат ва блок ўртасида ўзаро ҳал қилинишини айтади.

Ўзаро тушунмовчиликлар ҳақида Путин ҳам гапирди. У НАТО ва АҚШ йўлланган ёзма жавобда Россиянинг муҳим талабларини инкор этганини яна бир бор таъкидлади. «Барча муҳим масалаларда - НАТОни кенгайтирмаслик, чегараларимиз яқинида зарбдор тизимларни жойлаштирмаслик, НАТО инфратузилмаларини 1997 йилги чегараларга қайтариш - нафақат позиция йўқ, ҳатто жавоб йўқ: ҳа ёки йўқ. Биз у ерда саволларимизга жавоб эмас, фақат сиёсий клишелар кўрдик», - деган Путин.

Россия президенти ядровий уруш бошланса, унда ғолиблар бўлмаслигини таъкидлаган.

«Улар НАТО — мудофаа ташкилоти, дея Россияни ишонтиришга уринмоқда, аммо Ироқ, Ливия, Афғонистон ва Сербия аҳолиси бу борада аллақачон ишонч ҳосил қилган. НАТОнинг ҳарбий стратегиясида Россия бевосита рақиб деб аталган. Улар негадир бизнинг ҳарбийлар ўз ҳудудимиз бўйлаб ҳаракатланишини таҳдид деб билади ва шунинг учун дўстона бўлмаган сиёсат юритади. Улар Украинани қурол-яроғ билан шиширмоқда. Киев эса Минск келишувларига риоя этишни истамасдан, русийзабон аҳолини камситмоқда. Улар Порошенкони ҳам таъқиб қилмоқда, аммо биз унга сиёсий бошпана беришга тайёрмиз. Агар Украина НАТОга қўшилса ва Қримни ҳарбий йўл билан қайтариб олса, Европа давлатларининг барчаси ўзи истамаган ҳолда можарога жалб этилади. Агар ядровий уруш бошланса — ғолиблар бўлмайди. Украина Минск келишувларига риоя этиши керак: ёқадими, ёқмайдими — чидаш керак, гўзалим. Биз НАТОдан 30 йилдан бери сўраймиз — ундай қилманг, бундай қилманг, аммо бизни шунчаки игнор қилишмоқда. Ҳозир эса улар таклифларимизга жавоб юборишди, аммо унда ҳам барча асосий саволлар игнор қилинган», деган Россия раҳбари.