Бугун, 8 феврал куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси этиб сайланди. Kun.uz мазкур янгиликдан сўнг мамлакатда қайси амалдор қайси спорт турига масъул қилиб белгиланганига назар солди.

Ўзбекистонда 20дан зиёд спорт федерациялари (уюшмалари) бор, уларнинг аксариятига таниқли шахслар раислик қилади. Айрим арбобларга спорт федерацияси раислигидан ташқари қўшимча бир нечта лавозимлар юклатилган.

Танзила Норбоева / Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон велоспорт федерацияси раҳбари ҳисобланади.

Азиз Абдуҳакимов / Фото: KUN.UZ

2021 йилдан бошлаб туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Шахмат федерациясига раислик қилиб келади. У бир вақтнинг ўзида Бадминтон федерациясига ҳам раҳбарлик қилади. Абдуҳакимов, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори ҳамдир.

Содиқ Сафоев / Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Регби федерацияси раиси лавозимида ишлайди. У федерацияга 2017 йилдан бери раҳбар. Бундан ташқари, таниқли дипломат бугунги кунда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори ҳам ҳисобланади.

Очилбой Раматов / Фото: KUN.UZ

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Бокс федерацияси раиси ҳисобланади, у бу лавозимни 2012 йилдан бери эгаллаб келади. Бундан ташқари, Раматов 2018-2019 йилларда Футбол федерацияси раиси ҳам бўлган.